Ягона интерактив давлат хизматлари портали Тошкент Ахборот технологиялари университети билан ҳамкорликда 2017 йил абитуриентларига онлайн тартибда ҳужжат топшириш имконини тақдим этади. Ҳозирча, бу хизмат фақат ушбу университет учун кўрсатилади, аммо келгусида тизимга мамлакатнинг барча олий ўқув юртлари қўшилади.

Биз «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш Маркази директори Шерзод Ҳабибуллаев ва Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Файзулла Аъзамовга мурожаат қилиб, ушбу хизмат имкониятларига изоҳ беришни сўрадик.

- Шерзод Ҳабибуллахўжаевич, айтингчи, бу қанақа хизмат ва у нима учун керак?

Ш.Ҳ.: Онлайн тарзда ҳужжатларни топшириш – бутун дунёда нормал ҳолатдир. Бугунги кунда, бизнинг абитуриентлар турли йўналишлардаги хорижий ОЎЮларига енгиллик билан барча зарурий ҳужжатларни топширишмоқда. Бизнинг таълим тизими бу ҳақда бош қотирмаганда ғаройиб кўринарди, албатта. Бу хизмат турини кўрсатиш вақти аллақачон келганди, биз механизмни ишлаб чиқдик ва ўтган йили биринчи марта синовдан ўтказдик. Қатор камчиликларни кўргач, ишга туширмадик ҳамда мақсадли аудитория фидбекларини батафсил ўрганиш ва техник лаҳзаларни тузатишга қарор қилдик.

Хизмат, аслида, жуда осон – ҳужжатларни сканлаб, солиқ инспекциясининг исталган бўлимидан электрон рақамли имзони оласиз, сўнгра my2.gov.uz сайтида рўйхатдан ўтиб, шаклни тўлдирасиз. Бир неча ҳаракат билан шахсий маълумотларни киритиб, шахсингизни тасдиқлайсиз ва ҳужжатларни юклайсиз.

Ариза берувчи бир кун ичида ўзи тақдим этган e-mail манзилига унинг шахсий маълумотлари ва рўйхатдан ўтиш рақами киритилган мактубни олади.

- ОЎЮ ва уларнинг масофали ишлаш нуқтаиназаридан келиб чиқиб, ҳақиқатдан ҳам енгилликлар қамрови улкан, аммо бунда абитуриентлар учун қандай устунликлар бор?   

 Ш.Ҳ.: Маълумки, ҳужжатларни ОЎЮларига топшириш узоқ давом этадиган жараён. Шундай экан, у кўп вақтни ва маблағни талаб қилади: ҳужжатларни тўплаш, муҳр, навбат сафларида туриш, асаббузарлик.

Хўш, бунинг натижаси қандай бўлади? Абитуриентлар имтиҳонларга тайёрланиш ўрнига ўқув юртларига келиши ва кишини толиқтирадиган кутишда вақтини ўтказиши керак. Масалан, 086 шаклдаги тиббий маълумотномани олиш ва ҳарбий хизматдан вақтинча четлаштирилганига доир маълумотнома олиш (ёки туман мудофаа бошқармасида ҳисобда туришлиги ҳақида) учун абитуриентлар деярли тўлиқ тиббий кўрикдан ўтишлари талаб этилади. Бу сафар ҳам хонама-хона юриш, навбат кутиш, асаббузарлик ва баъзан коррупция ҳолатларига дуч келишади.

Ҳужжатларни электрон шаклда топшириш бу каби бош оғриқларни камайтиради, коррупцияни умуман йўққа чиқаради. Муҳими шундаки, сиз машҳур тиббий кўрикдан ўтишингиз талаб этилмайди, 086 шаклли маълумотнома эса, талаба бўлганидан кейин ҳужжатлар тўпламига бириктирилади.

- Демак, абитуриент ОЎЮга фақат имтиҳон топшириш учун келар экан-да?

Ш.Ҳ.: Унчалик ҳам эмас. Электрон ҳужжат топширишда тизим абитуриентни рўйхатга киритади, унга махсус рўйхатдан ўтиш рақамини тақдим этади. Бироқ, у барибир олий таълим масканига келишига тўғри келади, аммо атиги бир марта. Имтиҳондан аввал, талабаликка номзод ДТМ ҳужжатини олиши учун шахсан бўлиши талаб этилади.

- Бу ҳолда фойдаланувчи онлайн ҳужжат топшириб нимага эга бўлади?

Ш.Ҳ.: Ҳужжатни топширганлик бўйича хатлов олади. Абитуриентга ўша ҳужжат асосида ДТМ берилади.

Бу жараён олий ўқув юртида қандай ишлаши ва ТАТУ маъмурияти томонидан нималар кўзда тутилгани ҳақида Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Файзулла Аъзамов сўз юритади.

- Файзулла Сайдакбарович, имтиҳонга якуний рухсат беришга офлайн рухсат олишнинг қандай салбий эҳтимоллари бор. Бу ҳолда айнан ДТМларни олиш учун навбатлар сафи кенгайиб кетмайди?

Ф.А.: Бу ҳолатда биз мазкур омилни ҳисобга олдик. ТАТУ онлайн ҳужжат топширганлар учун алоҳида «йўлак»ни ташкил этади. Ҳужжат топширилганига доир нашр қилинган ҳужжатни кўрсатувчилар алоҳида ўтказиб юборилади ва ДТМ берилади.

- Рўйхатдан ўтганлик ҳақидаги маълумот йўқолиб қолиши ёки техника омили сабабли уни олиш мумкин бўлмай қолиши эҳтимоли назарда тутилганми?

Ф.А.: Абитуриентга бериладиган ҳужжатлар қабул қилингани тўғрисидаги маълумотномада QR-код бўлиб, унда тўлдирилган рўйхат шаклининг онлайн намунасига кириш учун ҳавола мавжуд. Код ўзига хос бўлгани сабабли техник узилишлар ёки хатоликлар бўлишига йўл қўймайди.

Бу бугунги кундаги электрон тизимларимизга қўйилаётган муҳим талабларимиздан биридир. Шу боисдан ҳам, базадаги маълумотларни аниқлашнинг ушбу усули маълумотлар эгаларининг ахборот базасига киришини енгиллаштиради.

Бу «Абитур» тизимида ушбу ҳаволадан нусха кўчириш билан интернет орқали ўз шаклини текшириб кўриши мумкин.

- Тизимнинг энг масъулиятли жиҳати нимада, онлайн ҳужжат топширишни истовчиларни нималардан огоҳлантирган бўлар эдингиз?

Ф.А.: Жамиятимиз аста-секинлик билан рақамли форматга ўтмоқда ва рақамли жамиятда шахсни аниқлаш жуда муҳимдир. Бунинг учун бутун дунёда электрон рақамли имзо деб аталувчи тизим мавжуд. Бизларнинг ёшлар, айниқса, ТАТУнинг бўлғуси талабалари ушбу ўқув юртига кириш остонасидаёқ рақамли жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиши керак.

Шу сабабли, биз ҳужжатларни онлайн топширишда электрон рақамли имзо талабини киритишни бекор қилмадик. Бу уларнинг, кейинчалик, интерактив рақамли хизматлардан фойдаланишида ҳам муҳим ўрин тутади.

Уни олиш унчалик қийин иш эмас, жараён ТАТУ сайтида батафсил маълум қилинади.

- Истиқболлар ҳақида сўзлаб беринг, таълимнинг яна қайси йўналишларида рўйхатдан ўтишнинг рақамли шаклини жорий қилиш кутилмоқда?

Ф.А.: Ушбу тизим ҳақидаги суҳбатимизни якунлар эканман, мен интерактив тизимларнинг истиқболлиги ва қулайлигига ойдинлик киритувчи яна бир муҳим жиҳатга эътиборни қаратмоқчиман.

Диққат қилинг, ҳужжатларни ОЎЮга топшириш вақтида поликлиникалар ва мудофаа бошқармаларида юкланиш ўнлаб марта ортади. Аммо, штатли иш жадвали ёки саккиз соатлик иш куни аввалгидек қолади. Бу вақт мобайнида ииш юкламаси бир хил тақсимланмаган ва идоралар бунинг учун қўшимча ходимларни ёллай олмайди.

Шундай қилиб, коррупция фактлари ўсади, бунда таниш-билишчилик, телефон қўнғироғи асосида масала ҳал этилади. Электрон рўйхатдан ўтишда ушбу маълумотларнинг талаб қилинмаслиги, аксинча, олий ўқув юртига кирганлардан тиббий ва ҳарбий маълумотнома сўралиши коррупция ҳолатини қисқартиради.

Таълим йўналиши, ишимизнинг бошқа истиқболли йўналишлари бўйича болалар муассасалари, мактаблар ва ОЎЮ тингловчилари ҳақидаги маълумотларни умумлаштириш устида иш олиб борилаяпти. Бу кейинчалик, уларга истаган таълим масканларига электрон тизимдаги керакли бандларни тўлдириб, электрон кўринишда ҳужжатларни бемалол топширишда қўл келади.

- Бу тизим бошқа ОЎЮда қачон ишлайди?

Ф.А.: Биз бу яқин орада амалга ошишини уқдирамиз. Хоҳлар эдикки, ОЎЮ бу тизимни келаси 2018 йилги абитуриентларни қабул қилиш вақтигача ишга туширишса. Биз бу борада ҳамкорликка тайёрмиз ва масъул идоралардаги ҳамкасбларимиз фаоллигига умид қиламиз. Умуман, инфратузилма ташкил этилган, тизим қўшимча ускуналарни талаб қилмайди, ҳар бир олий таълим масканида компьютерлар бор. Биздан талаб этиладиган барча ишларни баажаришга ҳаракат қиламиз ҳамда барча олий ўқув юртларини ушбу йўналишдаги ишларни фаоллаштиришга чақирамиз.

Биз экспертларга интервью берганлари учун миннатдорлик билдирамиз ва эслатиб ўтамиз, олий ўқув юртларига онлайн ариза топшириш хизматидан  15 июндан бошлаб my2.gov.uz. сайтида фойдаланиш мумкин.

"Электрон хукумат" тизимини ривожлантириш марказининг матбуот хизмати