Россия президенти Владимир Путин Кремлда Россия Куни муносабати билан ўтказилган тантанали қабулда нутқ сўзлади, деб хабар бермоқда РИА «Новости».

Президентнинг таъкидлашича, Россия ва унинг халқи давлатчиликнинг кучсизланишига оид жуда хавфли, хавотирли вақтни бошидан ўтказди.

«Йил сайин демократик институтлар ривожи билан жамиятнинг очиқлиги даражаси ошиб борди ва ўз илдиз ҳамда анъаналарининг муҳимлигини тушуниб етиш ҳисси пайдо бўлди. Олдинга фақатгина кучли, мустақил ва эркин давлат сифатида қадам қўйиш лозимлиги тушунилди», - деди Путин.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, «давлатнинг кучи сиёсий барқарорлик, мақсадларнинг умумийлиги ва жамиятнинг бирлашиши билан таъминланади». Давлат раҳбари сўзларига кўра, Россия ўз миллий манфаатларини аниқ белгилаб олди ва уларни ҳимоя қилмоқда.

«Ҳар ким Россияни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш имконига эга», - дея қўшимча қилиб ўтди Путин.