Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев билан телефон мулоқоти ўтказди

Ўзбекистон 12 Июнь 2017 10185

12 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон раҳбари Остона шаҳрида жорий йилнинг 8-9 июнь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар етакчилари Кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун келган Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган меҳмондўстлик ва илиқ қабул учун самимий миннатдорлик билдирди.

Алоҳида таъкидланишича, Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтган саммит ШҲТ фаолиятини ривожлантиришда тарихий ҳодиса бўлди. Унинг энг асосий натижаларидан бири сифатида Ҳиндистон ва Покистонни Ташкилотга тўлақонли аъзолар сифатида қабул қилиниши тилга олинди. ШҲТ доирасида фаол ўзаро ҳаракатларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон раҳбари Қозоғистон томонини «Остона ЭКСПО - 2017» Халқаро кўргазмасининг юқори даражада ташкиллаштирилгани муносабати билан табриклади ва тадбирни ўтказишда муваффақият тилади. Ушбу кўргазма минтақа давлатлари ривожига юқори технологиялар ва сармоялар жалб этишига туртки бериши айтилди.

Томонлар икки томонлама ҳамкорлик, халқаро ва минтақавий сиёсатга алоқадор бошқа долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқишди.

Кўпроқ янгиликлар