12 июнь, душанба куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кун тартибидаги масалалар юзасидан республика видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда. Бу ҳақда «Кун.uz» манбаси хабар берди.

Соат 15:00да бошланган видеоселектор кун тартибидан жорий йилда ғалладан бўшаган майдонларга - экспорт қилиш, қиш-баҳор мавсумига захира тайёрлаш ва қайта ишлаш корхоналарига хом ашё базасини яратиш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (такрорий экин) экишни ташкил қилиш, шунингдек, маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтиришда мавжуд захиралардан самарали фойдаланишни ташкил этиш масалалари ўрин олган.

Видеоселектор йиғилишида Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, президентнинг давлат маслаҳатчилари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, компания ва уюшмалар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, мамлакат шаҳар ва туманлари ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, ИИБ, прокуратура, иқтисодиёт, солиқ, молия, меҳнат, пенсия, статистика, ғазна, почта тижорат банклари, ДСЭНМ, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими, фермерлар кенгаши раиси, кадастр, агрокимё, нефть шохобчалари, бозорлар, деҳқон бозорлари қошидаги савдо-харид корхоналари, газ, электр ва сув таъминоти корхоналари, экспортёр корхоналари раҳбарлари ҳамда юқоридаги масалалар юзасидан бириктирилган иқтисодий комплекснинг барча раҳбар ва ходимлари иштирок этмоқда.