2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилиниши давлатимиз сиёсатининг бош мақсади инсонпарварлик эканлигининг ёрқин ифодаси бўлди. Қолаверса, бу хайрли ташаббус адлия органлари зиммасига ҳам жиддий масъулият юклайди.

Шу маънода айтганда, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳам халқ билан янада яқинроқ мулоқот қилиш, инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, айниқса, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тўлақонли ҳал қилиш масалаларига бугунги кун талаби асосида янгича ёндошмоқда.

Хусусан, 2017 йилнинг шу кунига қадар адлия бошқармасига жисмоний ва юридик шахслардан  370 та ариза ва шикоятлар, Ҳукумат портали ва Президентнинг Виртуал қабулхонаси орқали 270 та, “Ишонч телефони”га эса 20 та мурожаат келиб тушган. Шундан 280 таси ўз вақтида кўриб чиқилиб, ҳал этилган.

Масалан, фуқаро  В.Абдуллаева Тошкент шаҳар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси томонидан Тошкент давлат техника университети қошидаги 3-сонли академик лицей директор ўринбосари лавозимидан бўшатганлигидан норози бўлиб ва шу хусусда амалий  ёрдам кўрсатишни  сўраб мурожаат қилган.

Мазкур мурожаатни ўрганиш асосида киритилган тақдимномага кўра, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасининг 2016 йил 14 октябрдаги 319-к сонли буйруғи бекор қилинди ҳамда В.Абдуллаева аввалги лавозимига тикланди. Шунингдек, адлия бошқармаси томонидан фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судига киритилган даъво ариза асосида В. Абдуллаева фойдасига мажбурий прогул учун компенсация ва етказилган маънавий зарар суммаси ундирилди.

Шунингдек, фуқаро И.Худойқулова “Ишонч телефони” орқали 100-сонли таянч-ҳаракати аъзоларида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат раҳбарияти томонидан ҳомиладорлик ва туғиш таътили бўйича нафақа пуллари тўланмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ҳам ўрганиб чиқилди.

Ушбу мурожаат юзасидан киритилган тақдимномага асосан, фуқаро  И.Худайқуловга нафақа пуллари тўлаб берилди ва мактаб-интернатнинг бош ҳисобчиси маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга нисбатан энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, фуқаро С.Матмуротовнинг Яшнобод тумани ҳокимининг 2015 йил 3 ноябрдаги 529-сонли қарори ва фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг ҳал қилув қароридан норози бўлиб ёзган аризаси ҳам ўз вақтида кўриб  чиқилди. Ўрганиш натижасида туман ҳокими қарорини ва фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманларо судининг қарорини бекор қилиш бўйича фуқаролик ишлари бўйича шаҳар судининг аппеляция инстанциясига ариза (илтимоснома) киритилди. Суд қарорига кўра, туман ҳокимининг 2015 йил 3 ноябрдаги 529-сонли қарорининг тегишли қисми ва биринчи инстанция суди ҳал қилув қарори бекор қилинди.

Шу ўринда айтиш лозимки, давлатимиз раҳбарининг Виртуал қабулхонаси бугун жисмоний ва юридик шахсларнинг ишончли таянчига айланди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида бошқарманинг ҳукумат портали ва Виртуал қабулхона орқали келиб тушган 270 та мурожаат ўз ечимини топган.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, адлия бошқармаси ва шаҳарнинг турли худудларидаги жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари шахсан бошқарма бошлиғи, унинг ўринбосарлари, бўлинма ходимлари томонидан қабул қилинмоқда. Ўтказилаётган қабулларда нафақат жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ҳал этилаяпти, балки уларга қонунчиликдаги янгиликларнинг мазмун-моҳияти ҳам батафсил тушунтириб борилмоқда.

Қолаверса, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида оммавий ахборот воситалари ҳамда турли ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Масалан, Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига кўра, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни" этиб белгиланганлигини инобатга олиб ва мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида жойларда, хусусан, халқ таълими ва ўрта махсус таълими муассасаларида ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўйича ҳуқуқий тарғибот ишлари доимий равишда амалга оширилмоқда.