2017 йилнинг 10 июнь куни тахминан соат 15:05 ларда, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан, Бектемир туманидаги ЙПХ масканида, «Дамас» русумли автоулов кўздан кечирилганда, йўловчи Алишер Султанович Сапаров ёнида оғирлиги 220,33 грамм бўлган «марихуана» гиёҳвандлик моддасини Тошкент шаҳрига сотиш мақсадида олиб келаётганлиги аниқланган. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотишга суиқасд қилиш) аломатлари билан жиноят иш қўзғатилган. 

Сапаровга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.