АҚШ маъмурияти ходимлари британиялик ҳамкасблари билан АҚШ президенти Дональд Трампнинг Буюк Британияга ташрифи санасини белгилаш устида ишлашмоқда. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Шон Спайсер журналистларга маълум қилди. 

"Ҳазрати Олиялари (қиролича Елизавета II) мамлакатга келиш таклифини узайтирди ва президент буни қабул қилди. Биз сафар санасини белгилаш бўйича ишламоқчимиз. Ҳозирча ҳеч нарса белгиланмаган", деб айтди Спайсер. 

Спайсер Вашингтон ва Лондон Трампнинг Буюк Британияга сафарининг "икки томон учун ўзаро мос келувчи санасини белгилаб олмоқчилигини" маълум қилди. "Биз албатта бу санани эълон қиламиз", деб таъкидлаб ўтган Спайсер. У, шунингдек, матбуотда Трамп Буюк Британияга ташрифини британ жамоатчилиги томондан унинг ташрифига салбий муносабат билдирилиши хавотири сабабли бекор қилиши ҳақида пайдо бўлган ахборотни инкор этди. Спайсер машҳурлик хорижий сафарларда муҳим омил ҳисобланмаслигини таъкидлаб ўтди.    

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй Вашингтонга келиб, Трампни Буюк Британияга келишга таклиф қилганди. Мэй Оқ уйда АҚШнинг янги президенти билан учрашган илк хорижий раҳбар бўлганди.    

6 июнда Лондон мэри Содиқ Хон Трампнинг Буюк Британияга ташрифини бекор қилиш таклифини билдирганди. Бунга эса Трампнинг Хонни Лондондаги терактлардан кейин айтган сўзлари учун танқид қилгани сабаб бўлган.