АҚШнинг Вашингтон ва Мэриленд штатлари бош прокурорлари АҚШ президенти Дональд Трампни давлат раҳбари лавозимига киришгач бизнес билан алоқани узмагани туфайли конституцияни бузганликда айблаб, унинг устидан арз қилишди. Бу ҳақда "Ассошиэйтед Пресс" ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Маълумотларга кўра, даъво аризаси Мэриленд штати судига берилган. Бу штатлар бош прокурорлари Карл Расин ва Брайан Фрошнинг айтишича, Трамп мулк билан боғлиқ операцияларда иштирок этишда давом этаётгани ва бошқа йўсинда бизнесга жалб қилинганини айтишган. Бу эса АҚШ конституциясига кўра, манфаатлар зиддияти сифатида тан олиниши мумкин. 

"Президент иштирокидаги манфаатлар зиддияти демократиямизга хавф солмоқда", деб айтди прокурорлардан бири аризани топширгандан кейин журналистларга. "Президент томондан конституциянинг бузилиши давом этаётгани ва Америка халқи ҳуқуқлари инобатга олинмаётганини мақбул ҳолатдек қабул қила олмаймиз", деб қўшимча қилди прокурор. 

Оқ уй расмий вакили Шон Спайсернинг айтишича, Трампнинг бизнес манфаатлари конституцияни бузмайди.

"Даъво аризасининг берилишидан асл мақсад эҳтимол партия сиёсати эканлиги ҳақида хулоса чиқариш қийин эмас. Биз даъво аризасининг ишчи тартибда кўрилиши тўхтатилиши сари ҳаракат қиламиз", деб айтган Спайсер. 

Аввалроқ Washington Post нашри Трамп президент лавозимига киришгач ҳам "хорижий ҳукуматлардан миллионлаб долларлар" олаётганликда гумон қилинаётганини маълум қилганди. Нашр маълумотларига кўра, штатлар бош прокурорлари ўтган йил Оқ уй яқинида очилган Trump International Hotel меҳмонхонаси фаолиятидан хавотир билдирмоқдалар.