БМТ бош котиби Антониу Гутерреш 13 июнда Ашхободга ташрифи вақтида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов билан музокаралар ўтказади, деб маълум қилди Туркманистон ташқи ишлар вазирлиги.  

Музокаралар давомида томонлар глобал ва митақавий тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларини муҳокама қилишади.     

Маълум қилинишича, шу куни БМТ бош котиби раислиги остида Марказий Осиё давлатлари ва БМТ ўртасида БМТнинг глобал аксилтеррорчилик стратегиясини амалга ошириш бўйича олий даражадаги мулоқот бўлиб ўтади.    

Учрашувда Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирликларининг юқори лавозимли мансабдор шахслари иштирок этадилар.     

Бу учрашувдан мақсад БМТнинг глобал аксилтеррорчилик стратегиясини амалга ошириш бўйича моҳиятан биринчи ҳужжат ҳисобланувчи Марказий Осиё учун қўшма ҳаракатлар режасини бажариш бўйича ҳисобот бериш ҳисобланади.

Учрашувда Марказий Осиё учун террорчиликка қарши кураш соҳасидаги кейинги стратегик устувор вазифалар белгилаб олинади.