Chevrolet Лотин Америкаси бозорлари учун мўлжалланган ва рейстайлинг қилинган ҳэтч Beat’нинг аввалги авлод моделини тақдим этди. Бу модель кўплаб давлатларда Spark сифатида танилган.

Янгиланган Spark’нинг дастлабки эгалари мексикаликлар бўлади — беш эшикли ҳэтчбек дастлабки харидорларга 21 июнь куни етказилади. Боз устига, автомошинанинг Beat деб аталувчи рейстайлинг қилинган аввалги авлод вакили бу мамлакатда Spark номи билан аталган янги авлод машинаси билан бир вақтда сотувга чиқарилади.

2018 йилги модель қаторининг Chevrolet Beat автомашинаси янги бамперлар, бошқача фаралар ва туманга қарши чироқлар билан жиҳозланган. Орқа фонарларининг шакли ҳам ўзгартирилган. Салонда эса ускуналар панели ва марказий консол ўзгартирилган, топ комплектация Apple CarPlay ва Android Auto’ни қўлловчи 7 дюймли сенсор экранли мультмедиа тизимига эга. Ҳэтчнинг ускуналар рўйхатидан яна 14 дюймли дисклар, кондиционер, хавфсизлик ёстиқчалари ва ABS тизими ўрин олган.

Суратда: Рейстайлинг қилинган аввалги авлод Beat/Spark’нинг интерьери

Мексика бозорида янгиланган Beat 1,2 литр ҳажмига ва 81 от кучига эга, беш босқичли механик узатмалар қутиси билан тақдим этилади. Янги авлоддаги Chevrolet Spark ҳэтчбэки эса 1,4 литр ҳажмли, 98 от кучига эга, ҳамда механик ва автоматик узатмалар қутисига эга вариантлари билан харид қилиниши мумкин.

Chevrolet Beat-2018’нинг нархи 8400 доллардан бошланади. Янги Spark эса, ўз-ўзидан қимматроқ — 10.300 доллар.