Forbes шоу-бизнес ва спортнинг энг кўп ҳақ тўланувчи юлдузлари рўйхатини чоп этди

Рейтингга кўра, 2016 йилнинг июнь ойидан буён энг кўп пул ишлаб топган машҳурлар рўйхатида биринчи ўринни Паф Дэдди номи билан танилган рэпер Шон Комбс эгаллади. У 12 ой ичида 130 миллион доллар ишлаган. Рэпер пулларни асосан Bad Boy Fanily Reunion концерт тури ҳамда Франциянинг Ciroc бренди билан ҳамкорлиги эвазига қўлга киритган.

Иккинчи ўрин Lemonade альбоми ва ундан кейинги жаҳон турнеси ортидан 105 миллион доллар ишлашга муваффақ бўлган қўшиқчи Бейонсга насиб этди.

Британиялик ёзувчи Жоан Роулинг 95 миллион доллар билан учинчи поғонани забт этди. У кичик танаффусдан кейин "Гарри Поттер ва лаънати болакай" китоби ҳамда "Фантастик мавжудотлар ва улар яшайдиган жойлар" киносценарийси туфайли Топ-10 рўйхатига қайтди. 

Рейтингнинг тўртинчи ўрнини Дрэйк тахаллуси билан танилган канадалик Обри Грэхэм эгаллади. У 94 миллион доллар ишлаб олди. 

Энг кўп пул ишлаган юлдузлар бешлигини бир йил ичида Мадриднинг "Реал" жамоаси билан Испания чемпионати, Чемпионлар лигасини ютишга муваффақ бўлган, Португалия терма жамоаси таркибида Европа чемпиони номига сазовор бўлган ҳамда FIFA версиясига кўра яна бир бор йилнинг энг яхши ўйинчиси, деб топилган футболчи Криштиану Роналду якунлади. 

Ўнликдан шунингдек канадалик қўшиқчи Абель Тесфайе (Weeknd), радиобошловчи Ҳовард Штерн, Британиянинг Coldplay поп-гуруҳи, ёзувчи Жеймс Паттерсон ҳамда баскетболчи Леброн Жеймслар ўрин олишди. 

Топ-100 рейтингининг сўнгги поғонасида бу йил "Манчестер Юнайтед" сафида тўп сурган швециялик футболчи Златан Ибрагимович номи қайд этилган.