Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сешанба куни мамлакатдаги суд органларининг адолатли фаолиятини таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди. Бу ҳақида "Ахборот" дастурида хабар берилди. 

Йиғилишда судьяларни касбий тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бу борадаги ишларнинг самарасини ошириш мақсадида ихтисослашган ўқув муассасаси - Одил судлов академиясини ташкил этиш ҳақида билдирилган таклифи мажлис қатнашчилари томонидан қўллаб-қувватланди. 

Тадбирда яна бир муҳим таклиф - халқ олдида обрў-эътибор қозонган судьяларнинг ҳаёт йўли, одил судловни амалга оширишдаги ижобий тажрибани оммалаштириш учун "Судьялар клуби" ва "Суд ҳимоясида" рукнлари остида марказий телеканаллар ва газеталарда мунтазам равишда туркум кўрсатув ва мақолалар эълон қилиб бориш ҳақидаги амалий фикр илгари сурилди ва йиғилиш аҳли томонидан маъқулланди. 

Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида бу борадаги ишларни маҳалла, корхона ва ташкилотларда, сайёр суд мажлисларида кўриш кўламини кенгайтириш, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникацияси технологияларини, жумладан электрон суд станографияси, видеоконференц алоқани кенг жорий қилиш суд қарорларини таъминловчи идоралараро электрон маълумот алмашиш тизимини шакллантириш, одил судловни амалга ошириш жараёнининг доимий органи, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди ва бу борада амалий тавсиялар берилди. 

Президент танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик бугунги кунда давлат бошқарув органларида фаолият кўрсатаётган барча инсонлар қатори судьялар фаолиятининг ҳам кундалик қоидаси бўлиб қолиши даркорлигини алоҳида таъкидлади.