Миллий матбуот марказида «Ўзкоммунхизмат» агентлиги томонидан минтақалараро сув қувурлари бошқармаларида биллинг тизимини жорий қилишга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 30 октябрдаги «Сув таъминоти ва канализация ташкилотларини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида мазкур йўналишдаги долзарб вазифалар белгилаб берилган. Хусусан, уй-жой фондини замонавий сув ҳисоблагичлар билан жиҳозлаш, коммунал хизмат кўрсатиш ва ичимлик суви таъминоти ташкилотларида биллинг тизимини жорий этишга аҳамият қаратилмоқда.

Биллинг – кўрсатилган хизматларнинг автоматлаштирилган ҳисоб-китобини юритиш тизими бўлиб, уларни тарификация қилиш ва тўловларни амалга ошириш, кўрсатилган хизматлар ҳисоб-варақасини шакллантиришга хизмат қилади.

Жорий йилнинг учинчи чораги охирига қадар ишга туширилиши кўзда тутилаётган янги автоматлаштирилган тизим истеъмолчиларга доир маълумотлар базасини шакллантиришни такомиллаштириш, маълумотларга ишлов бериш тезлигини ошириш ва пул маблағларининг ўз вақтида тушиши имконини беради. Натижада истеъмолчилар реал вақт режимида тўловни амалга ошириши мумкин бўлади.

Тадбирда Президентимизнинг шу йил 18 апрелдаги «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси, соҳадаги ютуқлар билан бирга ечимини кутаётган масалалар ва уларни ҳал этишга йўналтирилган лойиҳалар юзасидан маълумот берилди.