Москванинг Симоново туман суди 13 июнга ўтар кечаси россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни Москва марказида рухсат берилмаган акцияда иштирок этишга чақириқлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларига бўйсунмагани сабабли 30 кунга ҳибсга олиш ҳукмини чиқарди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар берди.   

"Алексей Навальний маъмурий ҳуқуқбузарликни амалга оширишда айбдор деб топилади ва суд унга 30 кунлик ҳибсга олиш жазосини тайинлайди", деб ҳукм чиқарди судья. 

Ҳибсга олиш муддати 12 июндан бошлаб ҳисобланади.

Баённомага кўра, Навальний "Оммавий тадбир ташкилотчиси томондан йиғилиш, намойиш, митинг ташкиллаштириш ёки ўтказишнинг белгиланган тартибини бузиш" моддаси бўйича судланди. Унинг адвокатлари одамлар намойишга айнан Навальний чақириғи билан чиққанларининг исботи йўқлигини таъкидлашган. "Суд баённомасида маъмурий ҳуқуқбузарлик амалга оширилган жой ва вақт ҳамда айнан қандай рухсат берилмаган тадбир ташкиллаштирилгани кўрсатилмаган", деб айтди адвокат Вадим Кобзев.

Шу туфайли адвокатлар суд қарори устидан арз қилишмоқчилигини билдиришган.

Навальнийнинг ўзи суд йиғилишида судьянинг холислигига шубҳа билдириб, унинг алмаштирилишини талаб қилган. "Биз полиция келиб, сизга иш материалларини кўрсатгани, сиз эса унда хатоларни тўғрилаб, бошқатдан ёзишни айтганингизни биламиз", деб айтган Навальний.

Полицияда маълум қилинишича, Навальний интернетда Москва мэрияси билан келишилган намойиш ўтказилган академик Сахаров кўчасидан намойишчиларга Тверь кўчасига ўтиш ҳақидаги чақириқларни жойлаштиргани сабабли ҳибсга олинган. Тверь кўчасида эса намойиш ўтказишга рухсат берилмаганди.  

Расмий маълумотларга кўра, Москвада 12 июнда ўтган норозилик намойишида 1800 киши иштирок этган. Унинг ташкилотчилари эса 15 минг киши иштирок этишига ариза беришганди.