Нью-Йоркнинг марказий тумани Трайбекадаги кўп қаватли бинолардан бирининг ертўласида мойли қиздиргичнинг портлаши оқибатида 34 киши жароҳат олган. Портлаш оқибатида катта миқдорда ис гази ва заҳарли моддалар атрофга тарқалган.

Воқеа 13 июнь куни эрталаб юз берган, деб хабар бермоқда NBC New York телеканали.

"Нью-Йорк полицияси вакилининг айтишича, 34 нафар жароҳатланганлардан бири оғир жароҳат олган, баъзилар эса ҳушсиз ҳолда бўлган", дейилди хабарда.

Кўпчилик кичик жароҳат олган ва уларга жойида ёрдам кўрсатилган, қолганлар шифохонага етказилганлар.

Маҳаллий мансабдор шахсларнинг маълумотларига кўра, портлаш Мюррей-стрит кўчасидаги 12 қаватли бинонинг ертўласида соат 08:30да юз берган. Сўнгра ёнғин чиққан. Воқеа жойига тезда қутқарув хизматлари етиб келган. 

Бинода яшовчилар эвакуация қилинганлар. Қутқарувчилар қўшни биноларда ис гази даражасини аниқлаш устида иш олиб боришмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеа юзасидан тергов ишларини бошлашган.