Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 13 июнь куни мамлакатдаги суд органларининг адолатли фаолиятини таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилиши давомида Олий Суд кенгаши олдига мавжуд камчиликларни бартараф этиш вазифасини қўйди. Ҳар бир судья томонидан аҳоли билан жойларда бир ойда бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этиш ҳақидаги таклиф мажлис иштирокчилари томонидан тўлиқ маъқулланди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев суд тизими раҳбарларининг халқдан узилиб қолаётгани масаласига танқидий руҳда  тўхталди.

“Суд тизими раҳбарлари қачон чекка туманлар - Элликқалъа, Мўйноқ, Қўрғонтепага бориб халқ билан мулоқот қилади. Ҳар бир туманда сайёр судларни ўтказилишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Энди судларнинг 30-35 фоизи фуқаролар ичида сайёр суд шаклида ўтади”, деди президент.

Йиғилиш давомида судья лавозимида фаолият кўрсатаётган суд ходимлари ўз фаолияти юзасидан марказий ва маҳаллий телевидение орқали ҳисобот бериб бориши, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши билан боғлиқ амалиётни қўллаш вақти келганлиги таъкидланди.