Россия президенти Владимир Путиннинг баёнот беришича, Америка махсус хизматлари Чеченистондаги жангариларига ёрдам берган ва Москванинг бу борадаги норозиликларига эътибор бермаган. У режиссёр Оливер Стоуннинг Showtime телеканалида кўрсатилган «Путин билан интервью» ҳужжатли фильмида шундай фикрни билдирган. 

«Чеченистонда, Шимолий Кавказда муаммолар бошланганида, афсуски, америкаликлар, бу жараёнларни қўллаб-қувватлади», — деган Россия президенти. Унинг сўзларига кўра, Россия АҚШ ёрдамидан умид қилган, аммо бунинг ўрнига Америка махсус хизматларининг террорчиларни қўллаб-қувватлаётганини аниқлади. 

«Агар сиёсий қўллов ҳақида гап кетса, бунинг учун исбот талаб қилинмайди. Бу ахир,  очиқча, ошкора қилинган эди. Оператив, молиявий қўллаб-қувватлаш ҳақида сўз кетганда — бизда шундай далиллар бор ва биз уларнинг айримларини америкалик ҳамкасбларга тақдим этганмиз», — деган Путин.

«Ўшанда бизда қатъий қараш шаклландики, америкалик ҳамкорлар фақат сўзда Россияни қўллаб-қувватлашади, терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилиш ҳақида гапиришади. Амалда эса, ушбу террорчилардан Россиядаги ички вазиятни издан чиқаришда фойдаланишади», — деб қўшимча қилган Россия етакчиси. 

Путин, шунингдек, АҚШнинг собиқ президенти Жорж Бушнинг Кавказда ишлаган ва жангариларга техник ёрдам кўрсатган америкалик махсус хизмат ходимларининг исм-шарифларини айтганда билдирган фикрини ҳам ёдга олган. «У бунга жуда салбий ёндашишини айтиб, буни ҳал этишини билдирди», — дея қайд этган Россия раҳбари. 

Бундан ташқари, Путин МРБнинг Москвага йўллаган мактубидан ҳам иқтибослар келтирган. Унга кўра, америкаликлар «ўзларини мухолифатнинг барча аъзолари билан муносабатларни ўрнатишга ҳақли деб ҳисоблашади ва бу ишни давом эттиришади». Россия президентининг айтишича, мактубда террорчилик гуруҳлари ҳақида гап кетгани яққол кўриниб турар эди. «Шунга қарамай, улар террорчиларни қандайдир мухолифат намоёндалари сифатида кўрсатишга уринишди», — деган Путин.

Россия президентига бағишланган «Путин билан интервью» (The Putin Interviews) ҳужжатли фильми тақдимоти 12 июнь куни Showtime телеканалида бўлиб ўтди. Уни Россияда Биринчи канал намойиш этади. 4 сериядан иборат кинотасма 19-22 июнь кунлари намойиш этилади.