Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сешанба куни мамлакатдаги суд органларининг адолатли фаолиятини таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди. Бу ҳақида "Ахборот" дастурида хабар берилди. 

Маълумки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган. Мазкур Стратегияни амалга ошириш мақсадида бевосита Президент ташаббуси билан Конституциямизнинг еттита моддасига суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ принципиал ўзгаришлар киритилган. 

Судьяликка номзодларни тайёрлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи - Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгашининг ташкил этилгани бу йўналишдаги ислоҳотлар изчил давом этаётганининг тасдиғи сифатида баҳоланди. 

"Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгашини ташкил этиш ўзидан ўзи бўлгани йўқ. Олдингидек номига 4 та ёки 10 та одам ўтириб, "у бўлади, бу бўлмайди" деган гаплар кетмайди энди. Шу тарзда ишлаб кўрамиз. Агар бу ҳам оқланмаса, ундан-да қаттиқ чоралар кўришга мажбурмиз. Керак бўлса, Конституцияни ўзгартирамиз, то суд халқпарвар бўлмагунча барибир охиргача етказамиз. Суднинг остонасидан қадам қўйган халқимиз давлатга дўст бўлиб чиқиши керак. Қабул қилинган ҳукмнинг адолатли эканига ишониши керак. Бу сизларнинг вазифангиз! Лекин кўп жойда шундай эмаслигини инобатга олиб, мана шу Судьялар Олий кенгашини ташкил этдик", - деди Шавкат Мирзиёев.