Туркия ва АҚШ президентлари Тоййиб Эрдўған ҳамда Дональд Трамп Қатар билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилишади, деб хабар берди Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли сешанба куни.

"Бизнинг президент яқин кунларда президент Трамп билан телефон орқали мулоқот ўтказади. Унда томонлар Қатар билан боғлиқ вазиятни муҳокама этишади", - дея Чавушўғлининг сўзларини келтиради Hurriyet газетаси.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Миср, БАА, Яман, Ливия, Мальдив, Маврикий, Мавритания ва Комор Қатар билан дипломатик алоқаларни узишди. Улар Доҳани халқаро террорчилик гуруҳларини молиялаштиришда айблашмоқда.

Туркия парламенти эса 7 июнь куни турк ҳарбий хизматчиларини Қатардаги базада жойлаштиришга рухсат берувчи қонунни қабул қилди.