Ўзбекистон ва Афғонистон 2017 йил охирига қадар ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга (ҳозирда 0,4 миллиард доллар - таҳр.) етказишни режалаштирган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев икки мамлакатнинг ШҲТ саммити доирасидаги учрашувларидан кейин маълум қилган.

Вазирнинг қайд этишича, икки давлат президентлари ҳар йили Ўзбекистондан Афғонистонга 300 минг тонна минерал ўғит, 2 минг дона қишлоқ хўжалик техникаси, 250 минг тонна буғдой ҳамда қўшни мамлакат талабидаги бошқа маҳсулотларни етказиб беришга келишиб олишган.

«Бугунги кунда ўзаро савдо айланмаси ҳажмини йилига камида 1 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар бор», – дея қайд этган Ғаниев.

Вазирнинг айтишича, Шавкат Мирзиёев ва Ашраф Ғани Мозори Шариф–Шибирғон–Маймана–Ҳирот йўналиши бўйича темир йўлни лойиҳалаштириш ва қуриш ишларини тезроқ бошлаш зарурлигини қайд этишган.

Унинг маълумот беришича, ушбу темир йўл қурилиши мамлакат шимоли-ғарбида иқтисодий йўлак яратиш имконини беради.

Элёр Ғаниев Ўзбекистон ва Афғонистон икки давлат ўртасида савдо ва транзит соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида битимни тайёрламоқда. Бу ҳужжат икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажмини оширишга қаратилган.

Ўзбекистон Афғонистонда йирик лойиҳаларни амалга оширмоқчи

2017 йил январь ойида Ўзбекистон ва Афғонистон вакиллари томонидан Кобулда ташқи савдони 1,5 миллиард долларга етказиш бўйича «йўл харитаси» қабул қилинган эди. Ўзбекистон ТИВ маълумотига кўра, 2016 йил январь-октябрь ойларида икки давлат ўртасида ўзаро савдо айланмаси ҳажми 429 миллион долларни ташкил этган. 

Ўзбекистон ва Афғонистоннинг иқтисодий ҳамкорлиги «Савдо-иқтисодий муносабатлар тўғрисида», «Темирйўл транспорти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида», «Халқаро транспорт йўналишлари ҳақида» ва «Транзит ва транспорт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрирсида» каби шартномалар асосида ташкил этилган.

Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси, мева-сабзавотлар, нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар экспорт қилмоқда. Қурилиш, энергетика, тоғ-кон саноати ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиб келмоқда. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Ҳайратондан Мозори Шарифгача темир йўл линияси қурилган. Мамлакатимиз кўмаги билан Афғонистонда кўприклар, юқори вольтли электр линиялари, оптик толали кабель линиялари, сув таъминоти тармоғи барпо этилган.