Минск трактор заводи (МТЗ) саноат туризми дастурини кенгайтирмоқда. Унинг доирасида заводга ташриф буюрувчи сайёҳларга тракторларни йиғишда иштирок этиш таклиф қилинади. Бу ҳақда заводнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассиси Павел Тухто маълум қилди. 

Унинг айтишича, айни вақтда 2 нафардан 35 нафаргача ташриф буюрувчидан иборат гуруҳ завод бўйлаб экскурсия вақтида унинг тарихи, ютуқлари билан танишишлари, заводда ишлаб чиқарилган техника кўргазмасини томоша қилишлари, трактор рулига ўтириб кўришлари, эсдалик учун суратга тушишлари ҳамда замонавий ускуналар билан жиҳозланган 5-рақамли механик цехга ва тракторлар йиғиладиган корпусга ташриф буюришлари мумкин. 

"9 Беларусь рубли ёки 5 долларга яқин қўшимча ҳақ эвазига истовчилар трактор йиғилишида иштирок этишлари мумкин бўлади. Унга махсус кийим ҳамда қилинадиган ишлар тартиби баён қилинган техник харита берилади", деб айтди Тухто. Унинг айтишича, гап унча мураккаб бўлмаган 5 та операция ҳақида кетмоқда. Унинг айтишича, операциялар мураккаб бўлмаса-да, бир оз тер тўкишга тўғри келади.

Элементларни тракторга ўрнатиш мутахассислар назоратида ўтади. Сўнгра меҳмонга "фалончи" тракторнинг йиғилишида иштирок этган сайёҳ эканлиги ҳақида гувоҳнома берилади.

Тухтонинг айтишича, январдан бошлаб заводда 1,2 мингга яқин киши бўлди. Улардан 300 га яқини 18 та давлатдан келган сайёҳлардир. Корхона маълумотларига кўра, экскурсияда иштирок этувчиларнинг минимал ёши 12 ёш қилиб белгиланган. Экскурсия рус, инглиз, испан ва немис тилларида олиб борилади. 

МТЗ 1946 йилда ташкил этилган. Заводда турли қишлоқ хўжалиги ишларига мўлжалланган тракторлар, махсус техника ва ўрмон машиналари ишлаб чиқарилади. Улар тахминан 60 та давлатда ишлатилади. Заводда таъкидланишича, дунёдаги ҳар ўнинчи трактор Беларусда ишлаб чиқарилган.