“O’zbekiston 24” телерадиоканали фаолиятида теле- ва радиоканал имкониятлари ва ходимларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилади. Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган анжуманда иштирок этган ЎзМТРК раиси биринчи ўринбосари Бобир Алихоновнинг сўзларига кўра, телеканал мухбирлари телефон орқали радиоканалга ҳам ўзлари ёритаётган мавзу ёки воқеа-ҳодиса ҳақида хабар йўллашади. Радиоканал мухбирлари, ўз навбатида, шу усулда телеканалга хабарлар юбориши таъминланади. 

ЎзМТРК раиси биринчи ўринбосари Бобир Алихонов

Телерадиоканал мухбирлари тармоғидан бир хил фойдаланиш натижасида кенг қамровли медиаконтент тақдим этиш имкониятлари янада кенгаяди, кўплаб воқеалар, тадбирларни қамраб олиш имкони пайдо бўлади. 

Бундан ташқари, янги ташкил этилаётган телерадиоканал mtrk.uz сайтидан алоҳида фаолият юритувчи ўз веб-саҳифасига, иловаларига эга бўлади. Ундаги медиаконтентлардан исталган киши фойдаланиши мумкин бўлади. 

Бобир Алихоновнинг айтишича, Халқаро Пресс-клуб студияси янги жойга кўчади, унинг ҳозирги манзилида “O’zbekiston 24” телеканали студияси ташкил этилади. Янги студия ўта замонавий Hi-Tech услубида безатилади. Барча олиб келинаётган техникалар, асбоб-ускуналар ва жиҳозлар ҳам янги, замонавий техникалардир. 

Шу билан бирга, “O’zbekiston 24” журналист ходимларининг малакасини ошириш бўйича жиддий амалий ишлар кўрилмоқда.  Бунда, устоз-шогирд анъанасидан тортиб, етакчи хорижий ОАВ мутахассисларининг маҳорат-дарсларини ташкил этиш, ходимларнинг хорижий мамлакатларга малака ошириш сафарларини ошириш эътибордан четда қолаётгани йўқ.

Бобир Алихоновнинг таъкидлашича, янги телерадиоканал ЎзМТРКнинг ўз молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилмоқда. Унинг ходимларига тўланадиган маошлар, қалам ҳақи ва бошқа барча молиявий чиқимлар давлат бюджетидан эмас, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси маблағлари томонидан қопланади.