АҚШ президенти Дональд Трамп Пентагон раҳбари Жеймс Мэттисга АҚШ қуролли кучларининг Афғонистондаги қўшинлари сонини ўзгартириш ваколатини берди. Бу ҳақда 13 июнда Оқ уй маъмурияти вакилига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.    

Ахборот агентлигининг таъкидлашича, айни вақтда қўшинлар сонини ўзгартиришга қарор қилинмаган. Ҳозир Афғонистонда 8,4 минг америкалик ҳарбий жойлаштирилган. Трамп шунга ўхшаш қарорни Ироқ ва Суриядаги қўшинларга нисбатан апрелда қабул қилганди.  

Пентагон бу масала юзасидан изоҳ бермади.

Май ойи ўрталарида АҚШ конгрессида мудофаа вазирлигининг разведка бошқармаси директори, генерал-лейтенант Винсент Стюарт АҚШ ва НАТО Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича стратегиясини ўзгартириши зарурлигини айтганди. "Биз аввалгига нисбатан мутлақ бошқача йўл тутишимиз лозим", деб айтганди Стюарт. Унинг айтишича, агар АҚШ ва НАТО ўз стратегиясини ўзгартирмаса, унда "Толибон" жанг майдонларида сезиларли муваффақиятларга эришиши мумкин.

Аввалроқ The Washington Post нашри қабул қилинадиган вариантлардан бири сифатида Афғонистонга камида 3 минг америкалик ҳарбий ва зобитни юбориш ва НАТОга ҳам шунча қўшин юбориш чақириғи билан мурожаат қилиниши бўлиши мумкинлигини маълум қилганди. Нашр АҚШ маъмурияти вакилига иқтибос келтирган ҳолда Трамп Афғонистонда "ютишни бошлаш" истагидалиги ва уни бу борада маъмуриятининг юқори лавозимли мансабдор шахслари қўллаб-қувватлаётганларини таъкидлаб ўтганди.