Тадқиқот: ўзбек зиёлилари бугун нима ўқишмоқда?

Жамият 14 Июнь 2017 8262
Фото: ЎзА

Бугунги кунда ўзбек зиёлилари қандай адабиётлар мутолааси билан банд ва айнан нима учун? Айнан мана шундай саволлар билан «Янги китоб» нашриёти ва ziyouz.uz портали ҳамкорликда кичик тадқиқот ўтказди ва 120 дан зиёд жавоб олди. Ана шу тадқиқот хулосаси айрим қисқартмалар асосида берилмоқда.

Шукрулло, Ўзбекистон халқ шоири: — «Бўш қоп тик турмас» деганларидек, ёзувчининг иши фақатгина ижод қилиш эмас, у муттасил ўқиши, ҳаётни ўрганиши, жаҳондаги воқеа-ҳодисалардан, адабий жараёндан бохабар бўлиши ҳам керак. Ҳозир фақат китоб мутолааси билан  бандман. Акмал Саиднинг «Ҳазрати Занги Ота», Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг «Руҳий озуқа махзани», Ғиёсиддин Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ» асарларини, Ҳалима Худойбердиеванинг янги китобини ўқияпман.

Умарали Норматов, филология фанлари доктори, профессор: — Мен шу кунларда Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Донишманд Сизиф» номли романини ўқияпман. Бир қарашда асар учун танланган мотив ғарбча бўлса-да, романни ўқиб, чинакам ўзбекона руҳни ҳис қилдим.

Худойберди Тўхтабоев, Ўзбекистон халқ ёзувчиси: — Ойбек домланинг «Болалик» асарини қайта ўқияпман. Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» китоби столимда турибди. Ўткир Ҳошимовдаги тилнинг тозалиги, руҳнинг софлиги менга ёқади. Деярли ҳар куни болаларга оид китобларни ўқишга, варақлашга тўғри келади. Афсуски, бугунги болаларимизнинг китобхонлик даражаси мақтагулик эмас. Уларнинг сўз бойлиги жуда кам, 1200-1300 та сўз, холос…

Жамол Камол, Ўзбекистон халқ шоири: — Ҳозир Шайх Низомий Ганжавийнинг “Хамса”си таржимаси билан бандман. “Маҳзанул асрор” ва “Лайли ва Мажнун” чоп этилди. Бошқа достонларни ҳам Худо хоҳласа 2018 йилгача тамомламоқчиман.

Эркин Малик, ёзувчи: – Айни пайтда Чингиз Айтматовни ўқияпман. Нечанчи марта мутолаа қилаётганимни ўзим ҳам билмайман. Чингиз Айтматов асарлари ёд бўлиб кетган, лекин барибир ўқийвераман. Мен у кишидан илҳом оламан. Мисол учун, ёзишдан тўхтаб қолсам, Чингиз Айтматовга мурожаат қиламан. Диалогларини эмас, асосан тасвирларини ўқийман. Жуда самимий! Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Айтматов китобларини чиқаришга тўғри келган эди. Ўшанда Чингиз оға Стокҳольмда элчи бўлиб ишларди. Одил Ёқубов орқали Айтматовга мурожаат қилдик (Одил ака муаллифлик ҳуқуқи бўйича идора бошлиғи эди). У киши Чингиз акага қўнғироқ қилиб, «Ўзбекистонда сизнинг китобларингизни чиқармоқчимиз, қалам ҳақини қандай ҳал қиламиз?» деганида, Айтматов хат ёзиб юборган (бу мактуб менда турибди). «Ўзбекистон шароитида қандай лозим бўлса чиқараверинглар, мен розиман», деб ёзилган ўша хатда.

Қудрат Дўстмуҳаммад, ёзувчи, иқтисод фанлари номзоди, профессор: — Шу кунларда Аҳмад Заки Валидийнинг «Бўлинганни бўри ер» деб аталган китобини ўқияпман. Уни ziyouz.com сайти кутубхонасидан кўчириб олдим. Бу китоб ХХ аср бошларида туркий халқлар мустақилликни қўлдан бермаслик учун Россия империализмига қарши қандай курашганини ҳужжатлар асосида ҳикоя қилиб беради.

Аҳмад Заки Валидий буюк инқилобчи, сиёсатчи, тарихчи ва ҳақиқатда ҳам, закий, яъни зийрак, ақлли, нозик дидли инсон, гўзаллик ошуфтаси бўлганига ишонч ҳосил қилиб турибман. Рус босқинига қарши ҳам мафкуравий, ҳам қуролли кураша туриб, советларнинг «Ўлим машинаси»ни доғда қолдирган, Аллоҳ берган бу дунёда саксон йил яшаб ўтган инсон экан, жойи жаннатларда бўлсин.

Валидийнинг бу китоби ўзбек тилига 1997 йили қисқартириб таржима қилинган экан, рус тилидаги тўлиқ нашрини ва бошқа асарларини («Туркистон тарихи» номли китоби ҳам бор экан) топиб ўқиш ниятим бор.

Ойдин Ҳожиева, Ўзбекистон халқ шоири: — Сўнгги бор Алишер Мирзонинг «Мусаввир» романини, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Лолалар» ҳикоясини, Дилбар Маҳмудованинг халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ҳақидаги «Ҳалима» китобини, Энахон Сиддиқованинг янги китобини ўқидим. «Китоб олами» газетасининг сўнгги сонидаги барча материалларни ўқиб чиқдим. Ёшлар ижодини мунтазам кузатаман. «Ёшлик», «Шарқ юлдузи» журналларини доим ўқиб тураман.

Шайх Абдулазиз Мансур, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари: — Умуман олганда юртимизда чиққан 15000 дан ортиқ диний-маърифий китобни ўқиб чиққанман. Ҳар куни аҳолидан тушаётган диний-маърифий саволларга жавоб бериш жараёнида 10 дан ортиқ китоб кўраман. Бир кунда 50-100 та саволга ёзма ва оғзаки жавоб беришга тўғри келади. Фатво китобларидан «Фатовои Оламгирия», «Фатовои Қозихон», «Хулосатул фатово», тафсир китобларидан «Тафсири Насафий»,  «Баҳрул улум», ҳадис китобларидан Суютийнинг «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ», фиқҳ китобларидан «Ал-мавсуъ ал-фиқҳия» (30 жилдли исломшунослик энциклопедияси), «Мухтасар ул-виқоя», «Ҳидояи шариф» китоблари кундалик кўрадиган манбаларимдир.

Баҳодир Йўлдошев, режиссёр, Ўзбекистон халқ артисти: — Жастин Мароццининг «Тамерлан. Завоеватель мира» (Москва, 2004) китобини ўқияпман. Муаллиф асарда буюк Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига янгича нигоҳ билан қараган. Абдулла Қодирий ҳақидаги илк роман – Абдулҳамид Исмоилнинг «Жинлар базми ёхуд катта ўйин» («Академнашр», 2017) ҳам яхши таассурот қолдирди.

Тоҳир Малик, Ўзбекистон халқ ёзувчиси: – Шу кунларда ҳинд адиби Рабиндранат Тагор ҳикояларини мутолаа қиляпман. Ҳисоблаб кўрсам, унинг ҳикояларини бундан эллик йил муқаддам ўқиган эканман.

Эркин Комилов, Ўзбекистон халқ артисти: — Тўғрисини айтсам, иш, учрашувлар, югур-югурлар билан бўлиб фақатгина пьесалар ўқишга вақт бўляпти, холос. Сўнгги марта Қамчибек Кенжанинг «Палахмон» романини ўқигандим. Бахтиёр Ҳайдаровнинг «Инсоннома», «Бахт нима?» китобларини доим варақлаб тураман.

Анвар Обиджон, Ўзбекистон халқ шоири: — Кечагина Иқбол Мирзонинг болалар учун кичик шеърлари тўпланган «Эркатой эрка той» китобини ўқидим. Аввалроқ «Турон қавмлари», Шукур Қурбоннинг «Эркин Воҳидов сабоқлари» китобини тугатгандим. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девони луғотут-турк» асари янги нашрини («Мумтоз сўз» нашриёти) ҳайрат билан мутолаа қиляпман. Боболаримиз ишлатган сўзлар, туркий тилнинг ажойиботлари мени яна ўзига тортди. Янги нашрда сўзлар изоҳи такомиллаштирилибди.

Хуршид Даврон, Ўзбекистон халқ шоири: — Айни пайтда венгер файласуфи Ева Анчелнинг «Этос и история» китобини қайтадан ўқияпман. Биринчи марта ўтган асрнинг 90-йилларида ўқиган эдим.  «Этос»  атамаси  қадимги юнон фалсафасида «инсон ахлоқи ва унинг амалий иши ўртасидаги боғлиқлик» ёки эркинроқ, яъни ўзимнинг таърифимча, «маънавий тартиб»  маъносини англатади. Этос инсоннинг ҳар бир иши юзасидан у бу ишни нимадан келиб чиқиб, нима учун қилди, деган саволларга жавоб излайди. Бу асарни яна қайта ўқишга эҳтиёжимга келсак, бугун дунё, инсоният шунчалик мураккаблашдики, англаш тобора қийин кечмоқда. Саволларимга жавоб изламоқчиман. Ўзимизда кечаётган жараёнларни, жуда кўп одамларнинг қилмиш-қидирмишини тушунишга уринмоқчиман. Бу миллатни бугунги маънавий аҳволини, маънавий тартибини ҳам англашга фойда берармикан, деб ўқияпман.

Анвар қори Турсунов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби: — Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Тафсири Ҳилол», Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг «Тафсири Ирфон» китобларини ўқияпман. Шунингдек, Абдуллоҳ Қодирийнинг «Ўткан кунлар»ини ўқияпман. Мен бу китобни 10 ёшимдан ҳар баҳор ва кузда қайта ўқийман. Бу йил сал кечикдим. Яна Навоийни ҳар куни қўлимга оламан.

Карим Баҳриев, ёзувчи, журналист: — «Рисолаи азиза» (Сўфи Оллоёрнинг «Саботул ожизин» асарига шарҳ) китобини ўқияпман.

Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари: — Эркин Воҳидовнинг янги чиққан “Танланган асарлар”ини ўқияпман. Алишер Навоийнинг “Лисонут тайр”ини, Абдулла Ориповнинг “Илоҳий комедия”дан таржималарини қайта ўқидим. Кўҳна япон шеъриятидан таржималар қилдим.

Мубашшир Аҳмад, ношир, исломшунос: — Айни пайтда Фёдор Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» китобини ўқияпман.

Ботир Эргашев, шоир: — Рамазон – покланиш ойида Аҳмад Лутфий Қозончининг «Саодат асри қиссалари» асарини бешинчи марта ўқиб чиқяпман. Бундан аввал Чингиз Айтматовнинг «Сомон йўли» қиссасини ўқигандим.

Умид Бекмуҳаммад, тарихчи  ва  публицист: – 8 май куни Санкт-Петербург-Урганч йўналишидаги самолётда 48 килограмм китоб, газета-журналлар олиб келдим. Улар орасида Михаил Лермонтов ва Лев Толстойнинг 1889 йили нашр этилган сайланмалари, кўплаб бадиий, тарихий, фалсафий китоблар, «Загадки истории», «Секретные архивы», «Совершенно секретно», «Секретные материалы», «Тайны и загадки», «Невыдуманные истории», «Запретная история», «Война и отечество», «Историк», «Ступени», «Загадки ХХ века», «История», «Мир криминала», «Биография», «Секреты и архивы», «Архивы ХХ века», «Тайны СССР» каби  журналлар бор. Айни пайтда фақат журналларни ўқиб чиқишга улгурдим.
«Есенин глазами женщины» китобини таржима қилиш учун шоир Болтабой Бекматовга, «Достоевский глазами современников» тўпламини эса Темур Тангрибергановга топширдим. Юқорида тилга олинган бошқа китобларни ҳам кимдир таржима қилишни хоҳласа, қайтариб бериш шарти билан тақдим этишим мумкин.

Аброр Мухтор Алий, исломшунос: — Имом Суютийнинг «Итқон» деган асарларини ўқиб тугатдим. Бу китоб Қуръони каримга оид илмлар борасида сўз юритади. Айни пайтда Абдулмажид Туркмонийнинг «Диросотун фий усулил ҳадис алаа манҳажил ҳанафия» (Ҳанафийлик манҳажига кўра ҳадис усулида дарслар) китобини мутолаа ва таржимаси устидаман. Бу асар бизнинг ҳанафий мазҳабимиз асосчиси Имом Абу Ҳанийфа раҳимаҳуллоҳнинг, у зотнинг шогирдлари Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммадларнинг, улардан кейин ҳанафийлик мазҳаби усулларини жамлаган Ийсо ибн Абоннинг асарларидан «Ал Ҳужажул Кабир» ва «Ал Ҳужажус сағир»ни ўз ичига олади. Китоб энг ишончли ва эътиборли ҳанафий уламоларнинг мутақаддимларидан бошлаб мутааххирларигача барчаларини усуллари борасида сўз юритади. Тоҳир Маликнинг «Одамийлик мулки» асарини ҳам ўқияпман. Бу китоб маънавият, ахлоқ ва  инсоний қадриятлар  борасида жуда ажойиб услубда сўз юритади.  Шеъриятдан Хайрулла Ҳамидовнинг «Суянчиқ» асарини мутолаа қиляпман. Нажиб Фозилнинг «Зиндондан Маҳмудга мактуб»ини таржимаси устида ҳам ишлаяпман.

Исмоил Муҳаммад Юсуф, «Ҳилол-нашр» нашриёти раҳбари: — Рамазон ойи муносабати билан Шайх Абдуллоҳ Иззиддиннинг «Рўза ойининг улуғлигини даъватчи ва авомларга эслатиш» китобини ўқияпман. Бундан аввал Шайх Муҳаммад Саид Муҳаммад Ҳасан ал-Бухорийнинг «Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркак ва аёлларнинг вирдлари (вазифалари)» китобини ўқигандим.

Нодир Жонузоқ, «Ёшлик» журнали бош муҳаррири: — Сўнгги дам олиш куни ёзувчи Орзиқул Эргашнинг «Шоҳсанам» номли китобидаги иккита қиссасини ўқидим. Биринчиси — «Шоҳсанам», иккинчиси — «Олис юлдузлар». Очиғи, уларни берилиб, мароқ билан ўқидим. Ўқидим-у, биз кўпинча классик, донгдор ёзувчиларнинг асарларига талпинамиз-у, шундоқ ёнимизда юрган камтар, аммо яхши ёзувчиларнинг битикларини эътибордан четда қолдирамиз, деб ўйладим.

Айни пайтда ўз одатимга кўра уйда битта, ишхонада бошқа китобни ўқияпман. Албатта, уларнинг жанри фарқ қилади. Уйда таниқли рус ёзувчиси, кинорежиссёр Василий Шукшиннинг «Иккинчи сеансга чипта» номли («Ўзбекистон» нашриёти, 2016) ҳикоялар тўпламини ўқияпман. Таржимон – истеъдодли шоиримиз Ўроз Ҳайдар. Гарчи ҳикоялардаги воқеалар Россиянинг олис посёлкаларида рўй берса-да, бот-бот ўзимизнинг қишлоғу овулларимиздаги одамларнинг нафасини туйгандай бўласиз. Шукшиннинг бир қарашда оддий, сокин ҳикоялари жозибасига асир тушганингизни сезмай қоласиз. Ана шу оддийлик ва сокинлик қаърида улуғвор инсоний қудрат, жасорат, халоскор эътиқод бор эканини ҳис қиласиз.

Ишхонада Ўзбекистон халқ ёзувчиси, «Тафаккур» журнали бош муҳаррири Эркин Аъзамнинг «Эрталабки хаёллар» номли китобини ўқияпман. Салкам олти юз бетлик бу тўпламдан устоз адибнинг долзарб мавзудаги мақолаю сафарномалари, фиқралари, адабий қайдлари, хотира ва суҳбатлари ўрин олган.

Кун янгиликлари
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
11:30 / 18.08.2017 53324 Ўзбекистон
Миллий бренд — Fratelli Casa кийимларининг тарихи, бугунги ютуқлари ва келажак режалари ҳақида
11:05 / 18.08.2017 4787 Жамият
Parus оилавий марказида хоррор-квестлар, лазерли отишма ўйини ва бошқа янгиликлар тайёрланди. Марҳамат
10:14 / 17.08.2017 10493 Lifestyle
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 20876 Ўзбекистон
Таклиф: ҳам харид, ҳам хайрия
АҚШ: Венесуэлада ҳокимият куч билан қўлга олинди
10:30 180 Жаҳон
Бундеслига. «Бавария» мавсумни ғалаба билан бошлади
10:20 128 Спорт
Ҳиндистон, Непал ва Бангладешдаги кучли тошқинлар 500 кишининг умрини олиб кетди 
10:10 531 Жаҳон
ФИФА мусобақасида илк марта аёл ҳакамлар ишлайди
10:00 586 Спорт
Съёмка вақтида ҳаёт билан видолашишига сал қолган 6 актёр
09:59 3600 Lifestyle
Кўпроқ янгиликлар