Жорий йилнинг 1 май кунидан 31 июнь кунига қадар республиканинг барча ҳудудларида «Қорадори-2017» тадбирининг 1-босқичи ўтказилмоқда.

Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар  ва  кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Мазкур тадбирнинг дастлабки 1 ойи давомида тақиқланган каннабис (наша) ва кўкнори ўсимликларини ноқонуний етиштириши билан боғлиқ 60 та ҳолат аниқланиб, 42 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, гиёҳванд воситаларини ноқонуний сақлаш билан боғлиқ 12 та ҳолат аниқланиб, тадбирлар давомида 6 килограмм 500 грамм гиёҳвандлик воситалари далилий ашё сифатида олинди.  Июнь ойининг 6-8 кунлари 3 кун давомида вилоят ҳудудида «Ми-8» русумли вертолёт ёрдамида назорат учишлар ташкил этилиб, аниқланган 6 та тақиқланган кўкнори ўсимлигини етиштириш ҳолати бўйича ҳозирда дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Андижон вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жумладан,  Хонобод шаҳрида ўтказилаётган кенг қамровли тезкор тадбир давомида ҳудуд профилактика инспектори “Янги ҳаёт”  маҳалласи Чаманзор кўчасида яшовчи Норқулов Шодиённинг (исми-шарифлар шартли) томорқасида 41 туп кўкнори ўсимлиги парвариш қилинаётганини аниқлади. Гиёҳванд ўсимлик холислар иштирокида Андижон ИИБ экспертиза бўлимига топширилди. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.