Ўзбекистон буюртма қилган, Россиянинг Нязепетровск шаҳрида (Челябинск вилояти) жойлашган "ЛМЗ" МЧЖда ишлаб чиқарилган КБ-408 қурилиш кранининг биринчиси Ўзбекистонга жўнатилди. 

Бу қурилиш кранини ташиш учун 6 та темир йўл платформаси талаб этилди. Ушбу буюртма нафақат Нязепетровск машинасозларини, балки темир йўлчиларини ҳам иш билан таъминлади. Завод цехида Ўзбекистон буюртмасини бажариш устида қизғин иш бормоқда, транспортчилар эса заводни платформалар билан таъминлаб туришибди.  

Ушбу буюртма доирасида SMK-10.200 (408) ва  SMK-10.215 (403) сериясидаги 20 та қурилиш крани ишлаб чиқарилади. 

КБ-408 қурилиш крани 57,8 метргача баландликдаги турар-жой бинолари ва фуқаролик иншоотларини қуришда юк кўтариш ишларини бажаришда қўлланади. Кран 10 тоннагача юк кўтара олади. Кран рельсда юрувчи тўлиқ бурилувчи қурилиш кранлари синфига киради ҳамда қурилиш деталлари ва материалларини горизонтал ва вертикал ҳолатда ташишни таъминлайди. Кран бир қурилиш объектидан иккинчисига бўлакланган ҳолда ташилади ҳамда автомобиль крани ва ўз механизмлари ёрдамида монтаж қилинади.