Бугун Халқаро Пресс-клубда “Ўзбекнетфгаз: янги даврга янги стратегия билан” мавзусидаги навбатдаги сессия бўлиб ўтди. Сессия давомида Ўзбекистондаги нефть ва газ соҳасидаги мавжуд вазият ҳамда соҳанинг истиқболлари, шунингдек янги лойиҳалар муҳокама қилинди.

Анжуманда қатнашган "Кун.уз" ходимига кўра, экспертлар бугунги кунда Ўзбекистонда соҳага оид 50 та лойиҳа устида ишланаётганини маълум қилишган. Уларнинг умумий қиймати 21,8 миллиардни ташкил қилади. 2017 йил якунига кўра, 16 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Бу эса кўплаб янги иш ўринларининг пайдо бўлишига олиб келади.

Хусусан, "Тандем" газни қайта ишлаш лойиҳасига тўхталиб ўтилди. Бу лойиҳа йўлга қўйилса, "Лукойл" билан бирга ойига 8 миллиард кубометр газ қазиб олинади. Лойиҳани амалга оширишда энг илғор технологиялар қўлланади. 

Жиззах нефтни қайта ишлаш комплекси катта лойиҳалардан яна бири сифатида келтириб ўтилди. Бу лойиҳа Евро-5 талабларига жавоб берувчи нефть ишлаб чиқариш имконини беради. Жиззахнинг танлангани унинг географик қулай нуқтада жойлашганидир. Бу комплекс ишга туширилса, 2 мингдан зиёд киши иш билан таъминланади. Кейинчалик эса 10 минглаб ишчи ўринларининг пайдо бўлишига олиб келади. 

Лойиҳаларни амалга оширишда биринчи босқич нефть қувурларини қуришдан иборат бўлади. Бу борада Тошкент қувур заводи билан музокаралар олиб борилмоқда. Заводнинг ишга туширилишини тезлаштириш мақсадида хорижий компаниялар билан ҳам ҳамкорлик қилинмоқда. 

"Ўзбекнефтгаз" бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Саидовнинг маълум қилишича, завод 2020 йилнинг тўртинчи чорагида ишга туширилиши керак.