Туркиянинг Мармарис курортидаги меҳмонхона ходимлари бинодаги ёнғиндан кейин хаста сайёҳ аёл ва унинг қариндоши билан жанжаллашиб кетишди. Ушбу воқеа Pineta Park Deluxe меҳмонхонасидаги бошқа сайёҳлар томонидан видеога олинди. Daily Record шу ҳақдаги маълумоти билан бўлишди

12 июнга ўтар кечаси Pineta Park Deluxe меҳмонхонасининг бешинчи қаватида ёнғин чиқди. Буюк Британиядан дам олгани келган меҳмонлар бинони тарк этишди. Воқеа жойига етиб келган ўт ўчирувчилар ёнғинни тўхтатишга муваффақ бўлишди. Шундан сўнг бешинчи қаватда яшаган сайёҳлар ўз кийим-кечакларини олиб, меҳмонхонани тарк этиш учун юқорига кўтарилишган, бироқ Pineta Park Deluxe ходимлари томонидан ҳужумга йўлиқишган. 

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, меҳмонхона ходимлари ўпка трансплантацияси ўтказилиши кутилаётган, шу боис нафас олиш учун махсус аппаратдан фойдаланган аёлга ҳужум қилишган. Pineta Park Deluxe'нинг бир неча ишчиси сайёҳ аёлнинг ёнини олган қариндоши билан муштлашиб кетишган. Натижада эркакнинг қулоғини тикишга тўғри келган. 

Бундан ташқари, маълум бўлишича, ёнғин билан боғлиқ ҳодисадан кейин меҳмонхона персонали ўнлаб сайёҳларни ҳайдаган. Британия ТИВ дипломатлар бу воқеадан хабардор эканини маълум қилган.