Халқаро Пресс-клубда “Ўзбекнетфгаз: янги даврга янги стратегия билан” мавзусидаги навбатдаги сессия бўлиб ўтди. Модераторлар Шерзодхон Қудратхўжаев ва Динара Дултаева бошчилигида ўтган навбатдаги сессия давомида экспертлар билан бирга Ўзбекистондаги нефть ва газ соҳасидаги мавжуд вазият ҳамда соҳанинг истиқболлари ҳамда янги лойиҳалар муҳокама қилинди. 

"Ўзбекнефтгаз" компанияси таркибига 6 та акциядорлик компанияси киради. Ўзбекнефтгаз лойиҳалаштириш ишларидан бошлаб геология-қидирув, бурғулаш, қазиб чиқариш, нефть ва газни қайта ишлаш ҳамда истеъмолчиларга етказиш ишлари билан шуғулланади. 

Мутахассислар бугунги кунда соҳадаги ташкилотларнинг бошқарув самарадорлигини ошириш кўзда тутилганини таъкидлашди. Қарорлар қабул қилаётганда тез қабул қилиш имкониятини яратиш ва унинг самарадорлигини оширишга эътибор қаратилаётганига урғу беришди. 

Мисол учун, "Ўзтрансгаз" мисолида кўрадиган бўлсак, бу тизимда бугунги кунда 6 та ҳудудда жойлашган ташкилотларни қисқартириб, вилоятларда "Ўзтрансгаз"нинг 14 та филиалини ташкил қилиш режалаштирилган. Бу ўз навбатида жойлардаги газ тизими бўйича аҳолига кўрсатиладиган хизматни тезлаштириш ва унинг сифатини ошириш имконини беради.

Шунингдек экспертлар "Нефтипродукт" АЖда ўзгаришлар кутилаётгани, уларнинг вилоятлардаги 24 та базасини 15 тагача қисқартириш мақсад қилинганини маълум қилишди.

Олиб борилаётган барча ишлардан мақсад - нефть ва газ маҳсулотларининг таннархини пасайтириш.