Ягона эркин алмаштириладиган валюта бўлиши мумкинми?

Жамият 15 Июнь 2017 23054
Фото: Flickr

Маълумки, дунё ҳамжамияти ҳозирги молиявий инқироздан қандай қилиб чиқиб кетиш йўлларини қидирмоқда. Юзага келган ушбу инқирозни келиб чиқиш сабабларига назар соладиган бўлсак, бунинг сабаби дунёнинг барча давлатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларда эркин алмаштириладиган валюта сифатида энг кўп қўлланиладиган АҚШ ҳукуматининг пул бирлиги-долларнинг молиявий инқирози билан боғлиқ. 

Дунё оммавий ахборот воситаларида АҚШ доллари молиявий инқирозининг сабаби АҚШ ҳукумати томонидан олиб борилган ноқулай-номутаносиб иқтисодий сиёсат натижаси деб кўрсатиб ўтилмоқда. Умуман бундай молиявий инқирозлар бундан аввалги пайтларда ҳам юзага келган ва ўзининг салбий оқибатларини намоён қилган. 

Ушбу муаммо билан боғлиқ қуйидагича савол туғилади албатта, яъни; молиявий инқирозни умуман пайдо бўлмаслигига эришиш мумкинми ёки бунга эришиш учун давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларда янгича иқтисодий қонуниятга асосланган Ягона эркин алмаштириладиган валюта(ЯЭАВ)ни яратиш мумкинми? Ушбу саволга мен қуйидаги кўринишдаги янгича молия институтлари ташкил қилинганда ЯЭАВни яратиш мумкин деб ҳисоблайман ва бу борада ўз фикримни баён қилмоқчиман.

Биринчидан, барча давлатларнинг иқтисодий кўрсаткичларини ўзида доимий мужассамлаштириб турадиган Марказ фаолият кўрсатиши лозим. Ушбу Марказни ташкил қилишдан мақсад барча давлатлар иқтисодий кўрсаткичларига асосланган, ҳозирча бизга номаълум бўлган ЯЭАВнинг қадрини доимий аниқлаб бориш ҳамда унинг муомаласини таъминлашдан иборатдир. Марказга барча давлатларнинг иқтисодий кўрсаткичлари ЯЭАВ пул бирлигида ифодаланган кўринишда ва аниқ келишилган регламент асосида барча давлатларнинг Марказий Банклари томонидан доимий юбориб турилиши таъминланиши лозим. Дастлаб, Марказнинг ишини ташкиллаштиришда, ЯЭАВнинг курси номаълум бўлганлиги сабабли, ушбу иқтисодий кўрсаткичларни тахминий ЯЭАВ курси бўйича ифодалаб кўрсатиш зарур. Тахминий ЯЭАВнинг курсини эса ҳозирда бутун дунёда муомалада бўлган АҚШ долларининг курси билан бир хилда ифодалангани маъқул. 

Мисол учун, маълум бир давлатнинг Марказий Банкидаги олтин захираси кўрсаткичи шу бугунги кундаги жаҳон бозоридаги олтиннинг баҳосига кўра 1кг = 1 200 000 АҚШ долларига тенг бўлса, ушбу АҚШ доллари ўрнига ЯЭАВ кўрсатилади. Шу тариқа бошқа активлар кўрсаткичи ҳам жаҳон бозоридаги АҚШ долларида ифодаланган нархлардан келиб чиқиб, АҚШ долларининг ўрнига ЯЭАВ кўрсаткичида ифодаланади. Сўнгра, барча давлатларнинг иқтисодий кўрсаткичлари Марказда йиғилиб, унга кўра, ЯЭАВнинг қадри белгиланиб, у муомалага киритилгандан сўнг, давлатларнинг Марказий Банкидаги иқтисодий кўрсаткичлари ҳақиқий ЯЭАВ баҳосида кўрсатилади ва шу тариқа АҚШ долларида ифодаланган кўрсаткичлардан тўлиқ кечилади.  

ЯЭАВнинг қадри ушбу иқтисодий кўрсаткичлар асосида белгиланса-да, у ҳеч қандай олтин ва бошқа қимматбаҳо активлар билан таъминланмайди. Бунинг сабабини кейинроқ тушунтириб ўтаман. 

Иккинчидан, Марказда мужассамлашган барча давлатларнинг иқтисодий кўрсаткичлари - ЯЭАВнинг қадрига нисбатан ҳар қандай давлатнинг пул бирлиги эквивалент курсини аниқлаш имконини беради. Ушбу аниқланган курсга кўра, ЯЭАВ қуйидаги икки хил кўринишда муомалага киритилиши мумкин:

1) Ҳар қандай давлатнинг Марказий Банки маълум миқдордаги ўзининг пул бирлигини ЯЭАВга айрбошлаш учун Марказда очилган доимий назоратда ишлайдиган ҳисоб рақамга кўчиради ва Марказдан шу кунги эквивалент курс бўйича ҳисобланган ЯЭАВнинг миқдори шу давлат Марказий Банки ҳисоб рақамига кўчириб берилади. 

2) Худди ҳозиргидагидек, давлатлар ўртасидаги савдо-сотиқ ва бошқа иқтисодий алоқалар орқали ЯЭАВ муомалада бўлади.

Нақд ЯЭАВ муомаласи хусусида.

Нақд кўринишдаги ЯЭАВ муомаласи учун худди ҳозиргидагидек муҳрловчи станок фаолият кўрсатади ва у фақатгина Марказнинг ихтиёрига кўра ЯЭАВнинг керакли миқдорини муҳрлайди ва муомалага киритади. 

Учинчидан, юқорида айтиб ўтилган ЯЭАВнинг давлатлар ўртасидаги икки хил кўринишдаги муомаласи ҳаракатини доимий назоратини юритиш учун Бутун жаҳон Банки (кейинги ўринларда Банк дейилади) иш юритиши лозим бўлади. Бутун жаҳон Банкининг функциясига Марказдан муомалага чиқарилган ЯЭАВнинг ҳар бир давлатдаги миқдорини ва ҳаракатини назорат қилиб туриш киради. Бунинг учун юқорида айтиб ўтилган ЯЭАВнинг ҳар икки хил кўринишдаги муомаласи ҳам ушбу Банк ҳисоб рақами орқали айланиши лозим. 

Шуни қайд этиш керакки, ҳар қайси давлат ўз ихтиёридаги ЯЭАВни ўзининг пул бирлигига айирбошлашни хоҳлаганда юқорида келтирилган биринчи кўринишдаги ЯЭАВнинг муомалага киритилиши тартибига тескари кўринишдаги операция амалга оширилади. Яъни, маълум бир давлатнинг Марказий Банки маълум миқдордаги ЯЭАВни ўзининг пул бирлигига айирбошлаш учун Марказда очилган доимий назоратда ишлайдиган ҳисоб рақамга ЯЭАВ миқдорини кўчиради ва Марказдан шу кунги эквивалент айирбошлаш курсига кўра ҳисобланган шу давлатнинг пул бирлиги миқдори ушбу давлат Марказий Банки ҳисоб рақамига кўчириб берилади. 

Энди асосий тушунчага келамиз. Шуни қайд этиш керакки, ЯЭАВни муомалага киритиш билан боғлиқ юқорида айтиб ўтилган биринчи операция кўриниши натижасида Марказнинг ҳисоб рақамига ЯЭАВни эквивалент айирбошлаш учун келиб тушган ҳар бир давлатнинг пул бирлиги миқдори ёки унга тескари бажарилган операция (бундан юқоридаги хат бошидаги жумлада келтирилган) туфайли Марказнинг ҳисоб рақамига келиб тушган ҳар бир давлатнинг пул бирлиги миқдори ёки ЯЭАВ миқдори ҳеч қандай қадр-қимматга эга бўлмайди. Яъни, у шунчаки ЯЭАВни муомалага киритиш учун бажариладиган операциялардир. Шу сабабли, ушбу операциялар натижасида Марказнинг ҳисоб рақамида ҳосил бўлган ҳар бир давлатнинг пул бирлиги ва ЯЭАВ миқдорларининг шунчаки, назорат учун ҳисоби юритилади холос. Аслида, ҳар бир давлат пул бирлигининг қадр-қиймати маълум иқтисодий қонунларга кўра, шу давлатнинг олтин ва бошқа қимматбаҳо активлари билан таъминланган бўлади. Шу сабабли, маълум миқдордаги ЯЭАВга эга бўлган давлат аслида, ушбу ЯЭАВнинг эквивалент курсига тенг равишдаги ўзининг пул бирлиги миқдорига эга бўлиб ҳисобланади. Буни яна ҳам очиқроқ айтганда, ҳар бир давлатда захирада бўлган ЯЭАВ учун Марказ фақатгина эквивалент курс бўйича шу давлатнинг пул бирлигига айирбошлаш ёки юқорида айтилгандек, тескари операцияни амалга ошириш мажбуриятини олади холос. Яъни, ЯЭАВ - бу давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни амалга оширишда қўлланиладиган ягона пул тўлови воситаси бўлганлиги ва унинг муомала ҳаракатини таъминлаш учун ҳам шундай тизим қулланилади.   

ЯЭАВнинг муомалада бўлиши учун юқорида келтирилгандек, 3та субъект узвий боғлиқ ҳолда қатнашади. Яъни булар:

1)    Марказ 

2)    Бутун жаҳон Банки

3)    Барча давлатларнинг Марказий Банклари.

Агарда ЯЭАВ муомаласи билан боғлиқ ушбу тартибнинг амалга ошириш механизми тўғри деб топилганда;

- Давлатлар ўртасидаги тўлов воситаси сифатида фақатгина ЯЭАВ муомалада бўлиши учун барча давлатлар ҳамда ЯЭАВ операцияларини таъминлаб берувчи тегишли молия институтлари (Марказ, Бутун жаҳон Банки ва бошқалар) ўртасида тегишлича норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, имзоланиши лозим. 

- Бундан ташқари, ҳар бир молия институтининг иш тартибини белгилайдиган ўз Низоми ва бошқа тегишли ташкилий ишлар белгиланади албатта.

Аммо, шуни алоҳида қайд этиш керак-ки, ЯЭАВнинг нечоғлик тўғри муомалада бўлиши - бу унинг қадр-қийматини тўғри белгиланиши ва барча поғоналарда унинг ҳаракатини қаттиқ назоратга олинганлиги билан боғлиқ. Бу биринчи навбатда Марказ томонидан давлатларнинг Марказий Банклари ишини назорат қилувчи ягона тизим яратилиши билан боғлиқ. Албатта, бундай қаттиқ назорат ўрнатиш учун ҳар бир поғонанинг жавобгарлик масалаларини (жумладан, тартиб бузилиш ҳолатига йўл қўйган субъектга нисбатан молиявий жарима қўллаш ва бошқа ҳуқуқий жавобгарликлар) белгилаш ҳамда ЯЭАВ муомаласи иштирокчилари ишини доимий назорат қилиб туриш учун ҳам тегишли халқаро норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилиши лозим.

Бундай ЯЭАВ операцияларини ташкил этишнинг ютуқлари қуйидагилардан иборат:

1)    Маълум бир давлатнинг иқтисодий кўрсаткичларига эмас, балки жаҳон иқтисодиёти кўрсаткичларига асосланган ягона эркин алмаштириладиган валюта амалда бўлиши таъминланади. Бу эса ушбу валютанинг қадр-қийматини ошкоралик принципи асосида белгилаш имконини беради. 

2)    Нақд кўринишдаги ЯЭАВни қайсидир давлатнинг пул муҳрловчи станоги эмас, балки барчанинг назоратида бўлган Марказнинг ихтиёри билан муҳрланиб муомалага чиқарилади. Марказ ҳеч бир давлатга бўйсунмаганлиги сабабли, бу ишда ҳам ҳақиқий иқтисодиёт ва ошкоралик принципига эришилади. 


3)    ЯЭАВнинг юқорида кўрсатиб ўтилганидек муомалада бўлиши дунё бўйича молиявий инқирозни келтириб чиқармайди. Айрим давлатларда молиявий инқироз юзага келиши мумкин, аммо бундай молиявий инқироз иккинчи бир давлатга тарқалмайди.

4)  ЯЭАВнинг муомалага киритилиши билан боғлиқ биринчи кўринишда айтиб ўтилганидек, ҳар бир давлат ўзининг пул бирлигини Марказ орқали ЯЭАВга айирбошлаши мумкинлиги нафақат молиявий инқирозни олдини олишга хизмат қилади, балки давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни юқори кўринишда ривожланишига олиб келади. Яъни, бу билан ҳар бир давлатдаги эркин алмаштириладиган валюта танқислиги масаласи барҳам топади ва ҳар бир давлатга эркин иқтисодиёт юритиши учун кенг йўл очиб берилади.

ДСБ ходими
А.Йўлдошев 

Кун янгиликлари
Ўзбекистон делегацияси Бишкекда, хорижга чиқиш паспорти дараги, лотин ва кирилл машмашаси ҳамда куннинг бошқа хабарлари
20:40 / 16.08.2017 13764 Жаҳон
Соч тўкилиши нега ёшариб кетмоқда – мутахассис жавоб беради
10:01 / 16.08.2017 67864 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 37016 Lifestyle
Қирғизистонлик собиқ депутат Омурбек Текебаевга 8 йиллик қамоқ жазоси берилди
01:27 526 Жаҳон
Саакашвили Украинага қачон қайтишини маълум қилди 
01:15 1034 Жаҳон
Абдулла Арипов: «Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигига халақит берувчи тўсиқлар бартараф этилади»
Роналду 5 ўйинга дисквалификация қилингани ҳақида: бунинг отини атайлаб қийнаш дейилади!
01:07 976 Спорт
Давлат ва ОАВ: ахборот майдонида ҳаммага тенг шароит яратилиши керак
Шерзод Шерматов: "Келгуси йилда тест жавоблари ўша куниёқ эълон қилиниши мумкин"
Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантиришга доир қарор қабул қилинди
Кўпроқ янгиликлар