Японияда робот-балиқ яратилди, у "Фукусима-1" реакторини тадқиқ қилади

Технология 15 Июнь 2017 4004
Фото: ria.ru

Японияда 2011 йилги зилзила ва цунами сабаб зарар кўрган “Фукусима-1” АЭС ядро реакторини тадқиқ қилишга мўлжалланган робот-балиқ яратилди. Бу ҳақда “Киодо” агентлиги хабар берган.

Маълумотларга кўра, сузувчи қурилма Toshiba корпорацияси ва ядро реакторларини бузиш муаммолари бўйича Халқаро институт томонидан Канагава префектурасидаги Йокосука шаҳрида пайшанба куни намойиш этилди. 

“Мини-мамбо” (мини-“ой-балиқ”) номли робот ҳажми 13 га 30 сантиметр бўлиб, у кабель орқали бошқарилади. Яъни, у учинчи рақамли реакторга ҳимоя қатлами орқали кириши ва етган зарарларни фотосуратга тушириши лозим бўлади. Бу маълумотлар асосида Фукусимадаги АЭС реакторидан радиоактив чиқиндини йўқотиш бўйича ишлар баҳоланади.

Хабарларга кўра, дастлабки ўлчовлар иккинчи реактор ҳимоя қатлами ичидаги эриб кетган ёқилғининг ионлаштирилган нурланиш миқдори соатига 650 зивертни ташкил этади. Таққослаш учун, табиий радиация фони йилига тахминан 2,4 миллизивертни ташкил этади.

Кўпроқ янгиликлар