Samsung Galaxy S8 ва S8+ смартфонлари серияси энг яхши замонавий смартфон номига эга бўлди. Истеъмолчи бозорининг янги қурилмаларини мунтазам равишда ўрганувчи нуфузли Consumer Reports журнали рейтинги шундан далолат бермоқда.

Нашр мутахассислари сифатли дисплейлар, ажойиб камералар, шунингдек қурилманинг автоном хизмат вақти давомийлигини юқори баҳолашди. Бундан ташқари, тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, телефоннинг узайтирилган экрани (стандарт 16:9 ўрнига 18,5:9), сувга бардошли корпуси алоҳида эътиборга лойиқ. Смартфон ярим соат 1,5 метр чуқурликдаги сувда турган бўлса-да, ишдан чиқмаган.

Унинг номаъқул жиҳатларига у қадар қулай жойлашмаган бармоқ излари сканери келтирилган. У смартфоннинг орқа панелида, объектив ойнаси остида жойлашган. Натижада фойдаланувчи камеранинг ҳимоя ойнасига тегиб кетиши мумкин.

Смартфон нархи яна бир салбий жиҳат сифатида келтирилган - АҚШда Galaxy S8 модели харидорларга тахминан 720 долларга тушади, S8+ эса - 840 долларга.