ФИФА техник директори Марко ван Бастен Конфедерациялар кубоги бошланиши арафасида футболда жорий этиладиган янги қоидалар ҳақида гапирди.

«Крестовский» – ажойиб стадион. Мен бу ерни 10 дақиқа аввал кўздан кечириб чиқдим. Бу стадионда ўйнаш ажойиб.

Биз ҳакамлардан ўзини бир гуруҳ футболчилар ўраб турганида қатъийроқ бўлишни сўраймиз. Биз бундай вазият футболдан бутунлай йўқ бўлишини истаймиз.

Яна бир муҳим мавзу – ўйин вақтини ошириш ҳисобланади. Биз жароҳатлар ва ўйинчилар алмаштирилишлари туфайли сарфланган вақт ўйинга тўлалигича қўшиб берилишини истаймиз.

Ҳозирда одатда биринчи бўлимга бир дақиқа, иккинчи бўлимга кўпи билан 3 дақиқа қўшиб берилади. Аммо юқоридаги каби вазиятларда йўқотилган вақт бундан кўпроқ бўлади. Голни нишонлаш учун ҳам кўп вақт ўғирланади.

Дарвозабон тўпни ўйинга киритгунча ҳам вақт ўлдиради. Биз истаймизки, ўйин янада динамик бўлсин. Биз ҳакамлардан сўрардикки, тўпни дарвозабон 6 сониядан кўп вақт ушлаб турмаслиги керак.

Биз шунингдек, видеоёрдамчи (VAR) ва қўшимча бўлимларда тўртинчи футболчини  алмаштиришни жорий этишни синовдан ўтказмоқчимиз. Видеоёрдамчилардан фойдаланишдан мақсад – VAR тизимини Россиядаги жаҳон чемпионатида қўллашдир», – деган Бастен.

Конфедерациялар кубоги 17 июнь куни Санкт-Петербургда Россия ва Янги Зеландия терма жамоалари ўртасидаги учрашув билан бошланади.