Барчамиз яхши биламизки, газ жуда катта машаққат ва меҳнат ҳамда харажатлар эвазига олинади. Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган йиғилишда "Ўзбекнефтгаз" вакиллари шу жиҳатларни инобатга олиш кераклигига диққатни қаратишди. 

"Бозордан дейлик нон ёки бирор зарур маҳсулотларни олиш, уяли телефон хизматлари учун ўз вақтида пул тўлаш ҳеч кимнинг ёдидан чиқмайди. Бу маҳсулотларни пул тўламай кўтариб кетиш эса, ўғирлик ҳисобланади...бироқ газ-чи?! Газ давлатники, пойлаб туради, дегандек муомала қилиш, табиий бойликлардан фойдаланганлик учун пул тўламаслик - ўғирлик эмасми?", - дейди "Ўзбекнефтгаз" раҳбари. 

Шу ўринда бугунги кунда мамлакатимизда газдан фойдаланиш ва тўловларни амалга ошириш маданияти устида ишланаётгани таъкидлаб ўтилди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида газ тизими бўйича қарздорлик 100 миллиарддан ортиқни ташкил қилади... Агар ҳамма ўз вақтида тўловларни амалга оширса, ҳеч қандай мажбурий тўлов ундириш механизми яратилмас эди, дейди экспертлардан бири. 

Бундан ташқари, мутахассислар аҳолини газ исрофгарчилигидан сақланишга чақиришди. 

"Афсуски, бугунги кунда баъзи оилалар ё гугуртни тежаб, ёки меҳмон келишини кутишдек баҳоналар билан газни ёқиғлиқ ҳолатда қолдиришади, яна кимлардир ваннахона исиб турсин деб иссиқ сувни олдиндан ёқиб қўйиши, бу эса газнинг исроф бўлишига олиб келмоқда", - дейилди анжуманда. 

Тежамкорлик - замон талаби бўлган бир пайтда  Ўзбекистоннинг қазилма бойликларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, уни келгуси авлод вакиллари ҳисобланган фарзандларимизга етказиш бизнинг бурчимиздир. Нафақат ўзингиз, балки атрофингиздагиларнинг ҳам табиий ресурсларни исроф қилишига йўл қўйманг, чунки бугун тежалган бойлик эртага фарзандингизнинг кунига ярайди.