Тошкент шаҳридаги Solar City Solutions компаниясининг 4-5 кишидан иборат хонадонга мўлжалланган қуёшли коллекторлари 5 миллионга баҳоланади. Қурилма йил давомида ўртача 325 кун тўлиқ иссиқлик қуввати билан таъминлайди. Маълум бўлишича, у ҳатто булутли кунда ҳам бунинг уддасидан чиқади. Компания Кузатув кенгашининг аъзоси Огай Игорь Герасимович Халқаро Пресс-клубдаги йиғилиш доирасида бу борада "Кун.уз" нашрига атрофлича маълумот берди. 

"Компания ўз маҳсулотини таклиф этаётган нарх Хитойдаги нархга тенгдир. Бироқ сиз Хитойда ишлаб чиқарилган товарни олаётганингизда уни олиб келиш, божхонадан ўтказишингиз керак бўлади. Ҳозирда эса Президентнинг қарори мавжуд бўлиб, унга кўра Хитойдан бу товарни келтириш мумкин эмас, чунки у ҳолда сиз тахминан 90 доллар миқдорида пошлина тўлашингиз керак бўлади. Нима учун бундай йўл тутилди? Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини сота олишлари учун, бозор ҳимоясини ўйлаб шундай қилинди. Энди эса коллектор шу ерда, ўзимизда! Уни Хитойдан келтириб, божхонадан ўтказишга ҳожат йўқ. Коллектор Хитойда ҳам, Ўзбекистонда ҳам бир хил нархда (маркасига қараб). 

Бугунги кунда корхоналаримиз ушбу қуёшли коллекторларни ишлаб чиқармоқда. Агар кейинчалик у билан боғлиқ қандайдир муаммолар юзага келса, компанияга қўнғироқ қиласиз ва бир-икки соат ичида сизга хизматлар кўрсатилиб, зарур эҳтиёт қисмлари етказиб берилади. 

Айтайлик, сиз Хитойдан олиб келинган коллекторни хусусий корхоналардан харид қилдингиз ва уни ўрнатдингиз. Кутилмаганда техник носозликлар юзага келди ёки қандайдир сабабларга кўра бузилди. Унга қўнғироқ қилиб эса, "Кечирасиз, биз ҳозир Хитойга буюртма берамиз ва бир ёки уч ойда эҳтиёт қисмлари келтирилади", деган жавобни эшитасиз. Узоқ кутишга тўғри келади. 

Демак, маҳаллий коллекторларимизнинг қандай устунликлари бор? Нарх, ишлаб чиқарувчининг тезкор реакцияси, хизмат кўрсатиш".

Ўйлаб кўринг, коллектор учун бир мартагина пул тўланади, яъни коллектор хариди вақтида, қолгани эса бепул! Истеъмолчилар маданиятига қуёшли коллектор тушунчасини киритиш вақти келмадимикан?! Бир эшитганда қимматдек туюлади, албатта, бироқ ҳисоблаб кўрилса, газга қанча пул тўлаймиз? Вақти келганда бундан-да кўп! Шу пулларни сўнгги русумдаги смартфонларни харид қилиш учун аямаймиз, лекин иссиқлик қувватидан аяймиз.

Solar City Solutions инновацион-юқори технологик компаниясига 2015 йилда Тошкент шаҳрида асос солинган. Компания қайта тикланувчи энергия манбалари - қуёш энергияси асосида сувни иситувчи ва иншоотларни иссиқлик билан таъминловчи қуёшли вакуум коллекторларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бугунги кунда бутун дунёда беҳисоб қуёш энергиясидан фойдаланувчи экологик тоза технология жуда машҳур бўлиб бормоқда.