Қатар амирлиги 12 млрд долларга F-15 қирувчи самолётларини харид қилиш бўйича битимга эришди. Гарчи президент Дональд Трамп расмий Дохани терроризмни қўллаб-қувватлаётганликда айблаган бўлса-да, шундай келишувга эришиш мумкин бўлди, деб хабар қилмоқда Рейтер агентлиги. 

Қатар мудофаа вазирлигидаги манбаларнинг агентликка маълум қилишича, Пентагон раҳбари Жеймс Мэттис ва Қатар вакилларининг учрашуви 15 июнь куни бўлиб ўтиши керак. Блумберг агентлигига кўра, гап 36тагача қирувчи самолётлар ҳақида бормоқда. 2016 йил ноябрь ойида АҚШ давлат департаменти Қатарга 21,1 млрд долларлик 72та тўртинчи авлод F-15QA ҳарбий-жанговар қирувчи самолётларини сотишни тасдиқлаган эди. 

9 июнь куни Америка президенти Дональд Трамп Қатарни терроризмни молиялаштираётганликда айблаб, бунга чек қўиш вақти келганини айтганди.

Ундан аввалроқ, Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср Қатар билан дипломатик муносабатларни узган ва ушбу давлат билан ҳар қандай алоқани тўхтатган эди. 4 араб давлати Дохани терроризмни қўллаб-қувватлаш ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашишда айблаганди. Кейинроқ, Мальдив ороллари, Маврикий, Мавритания ҳам дипломатик муносабатларни узган давлатлар сафига қўшилди. Иордания ва Жибути Қатардаги дипломатик ваколатхоналари даражасини пасайтирди. Сенегал, Нигер ва Чад эса элчиларини чақириб олди.