Россиянинг "Лукойл" компанияси Қашқадарё вилоятидаги Ҳисор конлари гуруҳидан газ қазиб олишнинг тўла қувватига ўтади. Бу ҳақида Халқаро Пресс-клубда бўлиб ўтган йиғилишда "Ўзбекнефтгаз" МХК бошқарув раиси Алишер Султонов маълум қилди. 

"Биз Қашқадарёда Ҳисор конлари гуруҳи фаолиятини такомиллаштириш бўйича янги лойиҳани йўлга қўймоқдамиз. Ҳозирда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бу бизга суткасига қўшимча тахминан 7 миллион кубометр газ қазиб чиқариш имконини берувчи муҳим лойиҳадир. Бу, айтиш мумкинки, йилига 2 миллиард кубометр газ дегани", - дейди "Ўзбекнефтгаз" бошқарув раиси.

Бундай даражага кўтарилиш "Лукойл"нинг энг йирик Қумбулоқ ва Одамтош конларида газ қазиб чиқаришга киришганидан далолат бериши мумкин. Жарқудуқ-Янги Қизилча - йиллик 1,1 миллиард кубометр газ билан таъминловчи яна бир йирик кон ҳисобланади. 

"Лукойл" 2008 йилнинг мартида "Жануби-Ғарбий Ҳисор" лойиҳасига қўшилган. Бундан аввал Россия компанияси 2017 йилда ушбу лойиҳада 4,8 миллиард куб газ қазиб чиқариш даражасига кўтарилиш ҳақида маълум қилганди. "Жануби-Ғарбий Ҳисор" лойиҳаси 2013 йилда тўлиқ ривожланиш босқичига ўтган.