Пресс-клуб раҳбари газ ўрнига муқобил энергиядан фойдаланишни таклиф этди

Ўзбекистон 15 Июнь 2017 11890

Пресс-клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжаев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида муқобил энергиядан кенг фойдаланишга чақириб, пост қолдирди.

Мен ўтган йилнинг ёзида Туркияда бўлдим. Истанбулда биринчи кўзим тушган нарса бу - барча чиройли осмонўпар биноларнинг томларидаги қуёш панеллари ва уларнинг олдида турган катта сув бочкалари бўлди. Ҳайрон қолдим: Туркия ўзига тўқ давлатлигини биламан, одамлари ҳам оч қолмаган, лекин нега бунақа даражада ҳамма автоном энергия манбаларидан фойдаланишига қизиқдим. Кейин кўришимча, нафақат Истанбул, балки курортлар ва соққа макони Анталияда ҳам худди шу ҳолат. Вазиятни ичидан билганимдан сўнг турклар “ҳар балони” билишига қойил қолдим. Мавжуд жараён шундайки, оддий бир хонадон қуёш энергиясидан нафақат уйни ёритиш учун, шунингдек, уйдаги сувни иситиш (ҳам иссиқ сув, ҳам хонани иситиш) учун ҳам фойдаланар экан. Билишимча, ортиб қолган энергия давлатга сотилар экан (ҳисоблагичлар икки томонга айланишга мўлжалланган).

Куни кеча «Ўзбекнефтгаз» ҳолдинг компанияси бошқарув раиси Алишер Султонов билан бўлган Пресс-клуб анжуманида кўп ўйлантираётган саволларимга жавоб олдим ва у киши билан ҳамфикр эканлигимни билдим.

Биринчидан, Ўзбекистон газ захиралари бўйича дунёда саккизинчи ўринда туради. Нефтимиз эса камроқ. Азим Тошкентда яшайдиган “эркатойларнинг” газ буйича миллиардлаб қарзи бор. Назоратчи келганда эшигимизни очмаймиз ҳатто. Ёки пулни “арра” қилишга, жинояткорона келишишга ҳаракат қиламиз. Вазиятни жиддий инқироз даражасигача келиши Бош прокуратура қошида махсус Бюрони ташкил этишгача олиб келди.

Иккинчидан, газни кўп давлатларга экспорт қиламиз. Лекин, масалан 120 миллион долларга фалон куб газ экспорт қилмасдан, уни чуқур қайта ишлаш бизга 600 миллионга долларга яқин фойда берар экан.

Учинчидан, бизда газ кўп десак, дарров ижтимоий тармоқлар ва жамоатчилигимиз бонг ура бошлайди. “Нега шунча газимиз бўла туриб, барча узоқ қишлоқларга, барча хонадонларга келмаган?”. Тўғри, давлатимиз газлаштириш бўйича дунёда етакчи ўринда туради, лекин ҳеч қайси мамлакатда газ 100 фоиз даражада барча хонадонларга қувур орқали берилмайди. Ҳатто Россияда ҳам.

Тўртинчидан, дарров таппи ёқишимизни рўкач қиламиз. Гуёки, бошқа чора йўқдек, во ажабо, шунда менда бир савол туғилди. Таппи ва газ қувури ўртасида нима бор?

Жавобим шу: Бугунги 21-асрда муқобил энергия - Аллоҳ яратган мўъжиза офтоб ва унинг бепул, беғараз, беминнат нурлари бор. Аллақачон олимлар томонидан яратилган шундай ускуналар борки, офтоб нурини уйимизни иссиқ сув ва иссиқлик энергияси билан таъминлашга мўлжалланган. Тўғри, улар бепул эмас. Суриштиришимча, Тошкентда жойлашган Solar City Solutinons компаниясининг ўртача бир хонадонга мўлжалланган жиҳозлари 4-5 миллион сўмга тушаркан. Ушбу қурилма йилнинг 365 кунидан 322-325 кун иссиқлик қуввати билан тўлиқ таъминларкан. Ҳатто булутли кунда ҳам. Бир марта ускуна учун тўлаймиз, холос. Қолгани бепул-ку! Офтоб нури учун ҳеч кимга ҳақ бермаймизку?!

Нимага биз истъемолчиларни маданиятига бу нарса кириб келмаяпти. Чунки биз 4-5 миллион сўмни ўзимиздан аяймиз. Ваҳоланки, 3 қаватли уй соҳиби 1-1,5 йилда шу маблағни газдан фойдаланганига тўлаб қўяди. Лекин, биз ундан кўра автосалонда 3 ой пойлаб бўлса ҳам “Ласетти”мизни “Малибу” қиламиз. Тўйимизда битта лимузинни иккита қиламиз ёки сарпо-сидирға ёки ҳашаматли ресторанга ўйланмай ишлатамиз. Бизга Туркия, Япония, Корея каби давлатлардаги инсонлар психологияси қачон кириб келаркан? Балки менталитетимизни ўзгартириш вақти келгандир? Қуёш технологиялари кириб келиши учун тафаккуримиз бир поғонага ўсиши лозиммикин? Шунда уйимизга қуёш нури билан биргаликда иссиқлик, нур, покизалик ва файз кириб келади. Газдан эса полиэтилен, полипропилен, полимер каби кўплаб маҳсулотлар ишлаб чиқариб экспорт қилишимиз мумкин. Бу эса иқтисодиётимизга янги илғор технологиялар, қанчадан-қанча янги ишчи ўринлари, яхши маошлар, бюджетга солиқлар ва энг асосийси жамият ва халқимиз учун яхши ҳаёт дегани. Балки биз ҳар бир нарсани давлатдан кутиб ўтиргандан кўра, давлатга ёрдам бериш вақти келгандир!

Ёки таппи ёқамиз деб, 19-асрдагидек танчада ўтираверамизми? “Япон мўъжизаси”, “Корейс мўъжизаси” мўъжиза эмас, аслида. Бу машаққатли меҳнат, изланиш, баландпарвоз эмас ҳақиқий ватанпарварликни амалда кўрсатишдир.

Яна бир фикрим, бу лойиҳани ҳаётга тез ва унумли киритишни йўли, банкларни кенг жалб этиб, ушбу лойиҳага кам фоизли кредит ажратишдир. Ушбу жиҳозларни 100 минглаб, миллионлаб ишлаб чиқариш эса таннархнинг арзон бўлишига олиб келади.

Аммо, бу ишни зиёлилар, олимлар, тадбиркорлар, бадавлат инсонлар биринчи бошлаши керак. Шунда бу нарса ҳам дабдаба тўйлар каби русумга киради.

Шахсан мен, шу кунларда шу ишни бошламоқчиман. Сизчи?

Кун янгиликлари
Банкдаги конвертация машмашаси: «Рўйхатда йўқлар»га хизмат йўқми?
16:50 / 22.08.2017 50741 Ўзбекистон
Ёдгор Саъдиев мудраган ижод аҳли, тирикчиликка айланган ижод, ёш актрисалар ва тўйлар ҳақида 
10:33 / 22.08.2017 66695 Маданият
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 35628 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 20424 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 77540 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 60923 Жамият
Ўзбекистонда энергия тежовчи миллий компания компания тузилди
Таиландга қизларни юбориш билан шуғулланган самарқандлик “одамфуруш” аёл ушланди 
Ҳукумат ўқитувчи ва шифокорларни пахта теримига жалб этишни тақиқлади
103 ёшли камбожалик аёл АҚШ фуқаролигини қабул қилди
20:25 508 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар