Самарқанд шаҳридаги “Самарқанд китоб олами” савдо мажмуасида Самарқанд шаҳар ҳокими В.С.Раҳимов билан умумий ўрта таълим мактабларида таълим-тарбия олаётган иқтидорли ўқувчилар иштирокида “Ҳоким ва иқтидорли ўқувчи ёшлар учрашуви” мавзусида тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Кун.uz’га Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Шунингдек,  учрашувда Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Б.Раҳматуллаев, Самарқанд шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими раҳбари  Х.Ҳожиқулов ва қатор мактаблар директор ҳамда директор ўринбосарлари қатнашишди.

Самарқанд шаҳар халқ таълими тизимида амалга оширилган ишлар ҳақида “Асрларга тенг йиллар” номли видеоролик намойиш этилди. Видеоролик намойишидан сўнг сўз Самарқанд шаҳар ҳокими Воҳид Раҳимовга берилди.

Шундан сўнг ўқувчи-ёшлар томонидан китоб ҳақида тайёрланган шеърлар, ҳикматли сўзлар, саҳна кўринишлар намойиш этилди ва ўқувчилар шаҳар ҳокимига ўзларини қизиқтирган савол ва таклифларни беришди.

Саволларга берилган жавоблардан сўнг 3 нафар  иқтидорли ўқувчилар  ўз фикр-мулоҳазаларини инглиз, француз ва немис тилларида баён қилишди.

Тадбир якунида қатнашчиларга эришган натижаларига кўра номинациялар белгиланди: “Чет тили билимдони”,“Энг иқтидорли  ўқувчи”, “Энг ташаббускор ўқувчи”, “Энг фаол ўқувчи”, “Энг ижодкор ўқувчи”, “Энг интилувчан ўқувчи”, “Теран фикр соҳиби”, “Ёш қаламкаш”, “Спортда юқори натижага эришган ўқувчи”, “Энг мазмунли савол соҳиби”.

Иқтидорли-ижодкор ўқувчилар ва “Билимлар беллашуви” вилоят босқичи ғолиблари шаҳар ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ва  эсдалик совғалари - бадиий адабиётлар билан тақдирланди.