Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг қарори билан минтақалараро ҳамкорликка кўмаклашиш бўйича Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро келишувини тасдиқлади. Ҳужжат матни 15 июнда чоп этилди.    

Ушбу ҳужжат Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи вақтида 5 апрелда имзоланганди.   

Мирзиёев Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига Россия томонига Ўзбекистон томондан ушбу халқаро келишувнинг кучга кириши учун зарур бўлган барча ички жараёнлар бажарилгани ҳақидаги тегишли билдиришномани юборишни тайинлаган. 

Ҳужжат "Россия Федерацияси билан савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий-гуманитар, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, туризм ва экология соҳаларида ҳамда ўзаро манфаатларга мос келувчи бошқа йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш" мақсадида имзоланган.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси маълумотларига кўра, 2016 йилда Ўзбекистонга Россиянинг 113 та компанияси ва 23 та минтақаси вакилларининг бизнес-делегациялари икки томонлама яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ташриф буюришган. Элчихона маълумотларига кўра, россиялик тадбиркорларнинг Ўзбекистонга ташрифлари давомида Россияга мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги машинасозлигида саноат кооперациясини тиклашни бошлаш бўйича келишувларга эришилган.