14 июнь куни Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси бошқарув раиси ва соҳа вакиллари ОАВ томонидан берилган саволларга очиқ-ойдин жавоб беришди. Муаммоли масалалар, вилоятларда газ ва ёқилғи танқислиги ҳолатлари ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди. 

 “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси бошқарув раиси Алишер Султонов соҳада ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар, камчиликлар борлигини рад этмади. Бироқ шу билан бир қаторда бундай ҳолатларнинг пайдо бўлишига аҳолининг беэътиборлиги, газдан ноўрин фойдаланиши, газ тўловларини ўз вақтида тўламасдан "қинғир" йўллар билан қарзлардан қутилишини алоҳида қайд этди. 

"Қарс икки қўлдан чиқади. Газ таъминотида етишмовчилик бўлмаслигига нафақат биз, балки аҳоли, бутун халқ ҳам масъулдир. Биз бозорга борсак ҳеч қачон текинга маҳсулот олмаймиз. Масалан, телефонда гаплашиш, интернетдан фойдаланиш учун пулни аямаймиз. Кези келганда, илк алоқа операторлари пайдо бўлганида телефонга пул тўлаш учун навбат кутишган. Сабаби, инсонларга уяли алоқада суҳбатлашиш муҳим бўлган. Нима учун биз оилага ҳар томонлама зарур бўлган газ, электр қувватига пулларни ўз вақтида тўламаймиз? Нима учун газдан эрта-ю кеч фойдаланамизда, лекин унинг тўловини ўз вақтида амалга оширишдан қочамиз? Газ - бу оддий қувурни ичида  ёнувчи ҳаво эмас. Унинг ортида тинимсиз меҳнат, ходимларнинг машаққати ётади. Авваламбор, аҳоли ўзида тўлов маданиятини шакллантириши керак. Биз қачонки солиқларни, газ тўловларини ўз вақтида тўласак, мавжуд муаммолар ҳам аста-секинлик билан бартараф бўлади", - дея қайд этди Алишер Султонов.