Мустақил тадқиқотчи Рекс Банн ва Янги Зеландия Миллий кутубхонаси ходими Саша Ҳолден дунёнинг саккизинчи мўъжизаси жойини топишганини айтишмоқда. Уларнинг шу ҳақдаги мақоласи Journal of the Royal Society of New Zealand журналида босилган, бу ҳақда National Geographic журнали ҳам кичик хабар берган.

Янги Зеландиянинг Шимолий оролида жойлашган Ротомахана кўли XIX аср охирларида минглаб туристларни ўзига жалб қилган. Ажойиб шаршаранинг баландлиги саккиз қаватли бино баландлигига тенг эди, бироқ 1886 йилда у қўшни вулқоннинг отилиши оқибатида вайрон бўлган. Шундан бери ушбу табиат мўъжизаси Ер юзидан бутунлай йўқолди, дея ҳисобланиб келинган.

XIX асрда яшаган немис географи Фердинанд фон Хохштеттернинг кундалигини тадқиқ қилиш натижасида террасанинг аввал жойлашган ўрнини топишга муваффақ бўлинди. Хохштеттернинг кундалиги ушбу жойнинг тахминий координаталари ва йўналишлари битилган ягона қўлёзма сифатида сақланиб қолган. Аниқланишича, ушбу террасалар йўқ бўлиб кетмаган, шунчаки 15 метрли вулқон кули остида қолган. Кўл ҳамда атроф-муҳит унинг ташқи кўринишини ўзгартириб юборган, шунинг учун терраса манзилини аниқлашнинг имкони бўлмаган.