Туркияда Халқаро трибуналлар учун Халқаро қолдиқ механизми (ХТХҚМ) судьяси Ойдин Сефа Акай 7,5 йиллик қамоққа ҳукм этилди. Бу ҳақда муассасанинг ўзи хабар берди.

"Анқарадаги биринчи инстанцияда жиноий суд уни ягона айблов банди – “Фатҳуллоҳчилар террорчилик ташкилоти”га аъзолик бўйича айбдор деб топди”, - дея қайд этиб ўтишди ХТХҚМда. Механизм маълумотларига кўра, ҳукм “миллий ва халқаро даражада қайта кўриб чиқилиши керак, ҳамда ушбу босқичда якуний характерга эга эмасдир”. Айни дамда Ойдин Сефа Акай апелляцияни кутиш давомида вақтинчалик озод этилди, шу билан бирга, Туркия ҳукумати унинг паспортини олиб қўйган ва мамлакатни тарк этишни тақиқлаб қўйди.

"2016 йилнинг сентябрида судьянинг ҳибсга олиниши, қамоқда сақланиши ва унга нисбатан процессуал ҳаракатлар БМТ судьяларига берилган дипломатик дахлсизликка зиддир", - дея таъкидлаб ўтишди ХТХҚМ.

Ойдин Сефа Акай – Руанда бўйича Халқаро жиноий трибунал томонидан кўриб чиқилиши якунига етмаган ишлардан бири бўйича апелляция палатаси аъзодир. Судья Туркияда 2016 йилнинг 21 сентябрь куни, июль ҳодисаларига алоқадорликда гумонланиб ушланди. 

Туркиядагиларнинг фикрича, ХТХҚМ хатти-ҳаракатлари билан ўз мандати доирасидан чиқмоқда ва мамлакатнинг ички ишларига аралашишга уринмоқда.