«Уриб юборишим мумкин». Нуриддинов футболчиларни шуғуллантиришни истамайди

Спорт 15 Июнь 2017 36587

Рио—2016 Олимпиадаси қаҳрамонларидан бири, оғир атлетикачи Руслан Нуриддинов «Оламспорт» сайти меҳмони бўлди ва журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. У бир соат давом этган суҳбат давомида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги вазият хусусидаги фикрларини ҳам билдириб ўтган.

Руслан Нуриддиновдан ўтказадиган машғулотлари ҳақида сўралганида мавзу футболга бурилган.

«Мен шуни аниқ биламанки, Англия клубларида умумжисмоний тайёргарлик бўйича алоҳида машғулот ўтказилади. Футболчилар мажбурий равишда тренажёр залида ишлашади ва мураббийлар бу жараёнга жиддий тарзда эътибор қаратишади. Билишимча, клубларимизнинг ҳаммасида ҳам бундай эмас экан. Хатто айрим гранд клубларимизда умумжисмоний тайёргарлик футболчилар учун ихтиёрий равишда берилган.

Ваҳоланки, тренажёр залидаги ҳар бир машғулот футболчининг маълум бир мушагини ривожлантириш учун хизмат қилади. Тез югуриш учун оёқ мушаклари бақувват бўлиши шарт. Бизнинг футболчилар нима учун узоғи билан 60 дақиқадан сўнг чарчаб қоляпти? Чунки оёғида куч йўқ. Томир тортишишлар ҳам шундан. Зарбалар қандай берилаётганини кўряпсиз. Фақат кросс югуриш билан футболчи мукаммалликка эришмайди», деган спортчи.

Журналистлардан бири Руслан Чагаев билан суҳбатлашганида у Германиянинг «Шальке» клубига мастер класс ўтказгани ҳақида айтиб берганини эслайди. У Руслан Нуриддинов ҳам футболчиларга оғир атлетика бўйича машғулот ўтказа олиши мумкинлиги ҳақида сўраган.

«Ураманку кейин уларни... (кулади) Бундан тийилишим қийин (яна кулади). Йўқ. Ҳа, жуда қизиқ лойиҳа. Лекин, менимча, қўлимдан келмайди. Чунки мен футболга қизиқмайман. Шунинг учун бу йўналишда махсус мутахассис ишлагани маъқул. Футболни яхши тушунадиган мураббий ишлаши керак», дейди Нуриддинов.

У спортчи футболчилар билан қандай ишлаш кераклиги борасида ўз фикрини айтиб ўтган. Унинг фикрича, спортчини натижа кўрсатгандан кейингина тақдирлаш кераклигини таъкидлайди.

«Биласизми, энг кўп маошни айнан футболчилар олади. Уларга яна нима керак? Балки футболчилар билан ҳам бизга бўладиган муносабат каби ишлаш керакдир? Яъни, олдин натижа, кейин пул. Тасаввур қилинг, Ўзбекистон чемпиони бўлган футболчига машина бериляпти. Агар оғир атлетикада ҳам шундай бўлганида, ўх-хў менинг машиналарим сони қанчага етарди! Менга жаҳон чемпиони бўлганимдан кейингина машина беришган.

Тасаввур қилинг, футболчиларимиз жаҳон чемпиони бўлишди. Уларга Марс сайёрасини совға қилишаркан-да! Аслида бунинг амалга ошмаслиги аниқ. Чунки биз нари борса мундиал йўлланмасини ҳам қўлга кирита олмаяпмиз. Мен шунчаки таққослаш учун айтдим», дейди Олимпиада чемпиони.

Кўпроқ янгиликлар