14 июнь куни Халқаро Пресс-клубда “Ўзбекнефтгаз: янги даврга янги стратегия билан” мавзусидаги навбатдаги сессия бўлиб ўтди. Сессия давомида Ўзбекистондаги нефть ва газ соҳасидаги мавжуд вазият ҳамда соҳанинг истиқболлари, шунингдек янги лойиҳалар муҳокама қилинди.

Cессияда “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси бошқарув раиси, соҳа вакиллари ҳамда Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий компаниялар раҳбарлари, соҳа экспертлари, халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок  этди. 

2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий қайта тиклаш, модернизация ва диверсификация қилишни таьминлашга доир чора-тадбирлар дастури доирасида 18 миллиард доллардан зиёд инвестиция ҳисобига 54 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги анжуманида иштирок этган "Кун.uz" мухбири хабар берди.

“Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой” трансмиллий лойиҳаси доирасида қуриладиган газ ўтгазгич тизими табиий газ экспорти учун кенг йўл очади. Бунда Ўзбекистон газ ўтказгичининг узунлиги 529,7 км.ни,  йиллик ўтказиш қуввати эса 50 млрд кубометрни ташкил этади. 

Бугунги кунда Шўртан ва Устюрт газ-киё мажмуалари йилига 500 минг тонна полиэтилен ва 83 минг тонна полипропилен ишлаб чиқарилмоқда.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг ишга туширилиши билан Ўзбекистонда юқори сифатли AI-91 ва AI-95 турдаги автобензин, авиация керосини, экологик тоза дизель ёқилғиси ҳамда бошқа турдаги хомашё маҳсулотларини ишлаб чиқариш кескин ошди. Бундан ташқари замонавий авиалайнерлар учун ишлатиладиган Djet-A-1 авиа ёқилғисини ишлаб чиқариш ҳам ўзлаштирилди.

“Ўзбекнефтгаз” МХК вакилларининг сўзларига кўра, ҳозирги кунда суюқ углеводородларни қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни ўзлаштириш ишлари давом этмоқда. 

Маълумот ўрнида: 2017 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия Федерациясига давлат ташрифи давомида “Ўзбекистон мустақиллиги” ҳамда “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конларига инвестиция киритиш, Сурхондарё вилоятида газ кимё мажмуасини барпо этиш буйича келишувларга эришилди.