14 июнь куни Халқаро Пресс-клубда “Ўзбекнефтгаз: янги даврга янги стратегия билан” мавзусидаги навбатдаги сессия бўлиб ўтди. Сессия давомида Ўзбекистондаги нефть ва газ соҳасидаги мавжуд вазият ҳамда соҳанинг истиқболлари, шунингдек янги лойиҳалар муҳокама қилинди.

Cессияда “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси бошқарув раиси, соҳа вакиллари ҳамда Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий компаниялар раҳбарлари, экспертлар, халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

"Кун.uz" мухбирининг хабар қилишича, жонли эфир орқали намойиш этилган мулоқот чоғида соҳа вакилларига журналистлар томонидан кўплаб саволлар йўлланди. Муҳокамалар орасида вилоятларга арзон газ тизими тўлақонли етиб бормагани, мамлакатнинг чекка ҳудудларида ёқилғи танқислиги ҳолати мавжудлигини ҳам алоҳида қайд этилди. Бу масалага “Ўзбекнефтгаз” МХК бошқарув раиси Алишер Султонов ойдинлик киритди.   

"Президентимиз ташаббуслари билан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар бу саволга аниқ жавоб бўла олади. Сабаби, яқин келажакда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг барчаси ана шундай муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган. Асосий мақсад ҳам халқнинг газ ва ёқилғидан эркин фойдаланишини таъминлаб беришдир. Шуни айта оламанки, бу борада ўзгаришлар ва лойиҳалар 2020 йилнинг охирига қадар амалга оширилади", - дея жавоб берди Алишер Султонов.