Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги, "Ўзбекнефтгаз" фаолиятига бағишланган анжуманида ёш авлодни иш билан таъминлаш ҳамда кадрлар малакасини ошириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. 

Ўзбекистонда нефть ва газ соҳасидаги иккита коллеж бор. Бундан ташқари 15 та коллеж "Ўзбекнефтгаз" тизимига бириктирилган. Улардаги битирувчиларнинг барини барқарор иш билан таъминлаш - соҳа ходимлари олдига қўйилган асосий вазифалардан бири экани таъкидланди.  

Шунингдек бугунги кунда нефть ва газ соҳаси ходимларининг малакасини ошириш бўйича дунёнинг йирик компаниялари билан ҳамкорлик қилинаётгани айтилди. Бунга яққол мисол сифатида яқинда жаҳонга машҳур General Electric компанияси билан тузилган шартномалари келтирилди. Ҳозирда ўз ходимларимизни General Electric қурилмаларида ишлаш бўйича ўқитиш ишлари олиб борилаётгани қайд этилди. 

Маълум қилинишича, бугунги кунгача Ўзбекистондаги йирик лойиҳалар чет эл муҳандислик компанияларини жалб қилган ҳолда амалга оширилган. Шу нарсанинг олдини олиш, чет элга чиқиб кетаётган валютани ўзимизда олиб қолиш мақсадида бу йўналишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзимизнинг муҳандисларимизни замон талабидан келиб чиқиб, замонавий технологияни лойиҳалашни республикамизда йўлга қўйиш масаласи мақсад қилингани айтилди.