2017 йил 9 июнь куни соат 16:00 дан – 16:30 га қадар бўлган вақт оралиғида икки нафар номаълум шахслар Миробод тумани Чимкент кўчаси 1-уй 27-хонадонга кириш эшигини калит танлаш йўли билан ғайриқонуний равишда очиб кирган. 

Улар хонадоннинг балконида турган, ушбу хонадон эгаси М.А.га тегишли сейфни калит танлаш йўли билан очиб, сейф ичидан жами миқдори 7500 АҚШ долларини ташкил қилувчи турли хилдаги қимматбаҳо тақинчоқларни, баҳоси 50 АҚШ доллари бўлган сувенир кумуш тангалар ҳамда нақд 2600 АҚШ доллари ва ётоқхонадаги тумба ичида бўлган 2 млн 500 минг сўм миқдордаги нақд пулларни эгаллаб, воқеа жойидан яширинмоқчи бўлганларида хонадон эгасининг фарзанди 1994 й.т. М.Ж. уларни пайқаб хонадонга кириб келган. Ушбу шахслар Ж.М.га ҳужум қилиб, номаълум темир жисм билан унинг юзига ва баданининг турли соҳаларига уриб, қўллари билан уни бўғиб ҳушидан кетказишган ва эгаллаб олинган тилла тақинчоқлар, нақд пуллар билан воқеа жойидан яширинганлар.

Юқорида қайд қилинган мазмунда берилган хабарга асосан ҳодиса жойига чиққан туман ИИБ тергов-тезкор гуруҳи воқеани синчковлик билан ўрганган. Мазкур ҳолат юзасидан 2017 йил 9 июнь куни Миробод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатган.

Тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, ҳолат аслида қуйидагича содир бўлган. Тошкент ИИББ расмий вакили Дониёр Тошхўжаевнинг маълум қилишича, хонадон эгасининг ўғли Ж.М. сейфдаги АҚШ долларларини 2017 йилнинг январь ойидан буён ота-онасидан яширинча давомли равишда ўғирлаб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб келган. Ушбу пуллар тугагач, ўз қилмишини ота-онасидан яшириш мақсадида, ўзининг таниши 1998 й.т. К.Д. билан биргаликда ўзаро жиноий тил бириктирган. Мазкур хонадондан Ж.М.нинг онасига тегишли қимматбаҳо тақинчоқлар ва отасига тегишли нақд пулларни иккаласи биргаликда ўғирлаб қора рангли аёллар сумкасига жойлашган. 

Сўнгра, ушбу моддий бойликлар гўёки номаълум шахслар томонидан босқинчилик йўли билан олиб кетилганлигини саҳналаштириш мақсадида К.Д. ўзаро келишувга кўра, ўткир тиғли жисм билан Ж.М.нинг ўнг елка қисмига “нацистлар белгиси”ни жароҳат етказган ҳолда чизиб, тақинчоқлар ва пуллар солинган сумкани олиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Тергов ҳаракатлари давомида 2017 йил 10 июнь куни К.Д. истиқомат қилувчида ўтказилган тинтувда қора рангли эркаклар спорт кийими, қора рангли аёллар сумкаси, пластик карточка, кастет, пичоқ, синиқ ҳолатдаги кран жўмраги, канцелярия пичоғининг тиғи, Ж.М.нинг ўнг елкасига чизилган “нацистлар” белгиси, 5000 ва 10000 сўмлик купюрадаги пуллар, аёллар тақинчоқлари штукатулкаси, сувенир кумуш тангалар, “спорт устаси” кўкрак нишони, аёллар тақинчоқлари далилий ашё сифатида олинган.

Жиноят иши юзасидан Ж.М. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан гумонланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, сўроқ қилинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Шу билан бирга, Ж.М.нинг ўйламай қилган иши туфайли етказилган моддий зарар ҳисоблаб чиқилмоқда.

Шу ўринда, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи полковник Дониёр Тошхўжаевнинг алоҳида таъкидлашича, бир кишининг ўйламай қилган қилмиши сабабли шаҳар ички ишлар идораларини маълум бир кучи йўқ жиноятчини топишга сарфланган. Сохта жабрланувчи сўзларига кўра, асли йўқ босқинчининг фотороботи чизилиб, уни қидиришга қўшимча кучлар сафарбар этилган.