Amazon онлайн-ритейлери асосчиси ва раҳбари Жефф Безос ўзининг Twitter'даги фолловерларидан хайрия лойиҳалари билан ёрдам беришни сўради. Ишбилармоннинг сўзларига кўра, уни қисқа муддатларда ҳал қилиш зарур бўлган муаммолар қизиқтиради.

"Мен ҳозирда аксарият вақтимни сарфлайдиган ишимга, яъни узоқ истиқболли ишга қарама-қарши бўлган хайрия стратегияси тўғрисида ўйлаяпман. Мен узоқ муддатли истиқболли ишларни яхши кўраман - бу катта дастак. Blue Origin, Amazon, Washington Post — буларнинг бари турли йўллар орқали жамият ривожи ва цивилизациясига ҳисса қўшиш. Бироқ мен хайрия фаолиятим бу ердаги одамларга ҳозир - қисқа муддатли режада - фавқулодда муҳтожлик ва давомли таъсир чорраҳасида ёрдам беришдан иборат бўлиши кераклигига қарор қилдим".

Жефф Безос, Amazon асосчиси ва раҳбари

Безос ўз фолловерларидан ғоялар таклиф қилиш ҳамда бундай ёндашувни нотўғри деб ҳисоблаганлар бўлса, ўз фикри билан бўлишишни сўраган. Ишбилармон ўзига ёққан ғояларга қандай суммани сарфлашга тайёр эканлигига аниқлик киритмади.

Twitter'да Безоснинг 230 минг атрофида фолловери бор. Унинг бу мазмундаги пости остида 15 минг изоҳ қолдирилган. Фойдаланувчилар бепул таълим ва тиббиёт ривожига маблағ киритиш, пулларни бошпанасиз ва ишсиз қолганларга ёрдам беришга, шунингдек экологик муаммоларни бартараф қилишга йўналтиришни таклиф қилишди.

"Сиз шартсиз базавий даромадли тажрибани ишга туширинигиз керак, унинг доирасида ҳар ойда минглаб тасодифий одамларга 1000 доллардан тўлаб борасиз"

"Шифохоналарга сармоя киритинг, улар жинсий зўравонлик қурбонлари бўлган аёллар ва болалар учун алоҳида бўлим очишсин"

"Бошпанасизларнинг денгиз контейнерларини микроуйларга айлантиринг. Уларга ухлаш учун хавфсиз, қуруқ жой таклиф қилиб, шундан кейин бошқа эҳтиёжлари билан шуғулланинг".

"Ўрмонларда дарахтларнинг кесилишини тўхтатиш учун уларни уларни сотиб олинг. Ўрмонлар - карбонат ангидридга эга бўлиш бўйича энг яхши технология"

"Биз сизга 62 сабаб берамиз - бу ҳар дақиқада даволанишга муҳтож болалар сонидир. Хайрия маблағларисиз бунинг имкони йўқ"

"Африкани обод қилинг. Уруш ва эмиграция қурғоқчиликка олиб келди. Чўлларни далаларга айлантиринг. Бу Марсни ўзлаштиришдан кўра осонроқ ва яхшироқдир"

"Ўз бойлигингизни ишчиларга бўлиб беринг"

Bloomberg Безоснинг шахсий бойлигини 82,8 миллиард долларга баҳолайди. Amazon асосчиси Bloomberg Billionaires Index - дунёнинг энг бадавлат кишилари рейтингида Билл Гейтсдан кейин иккинчи ўринни эгаллайди.

Inside Philanthropy сайти маълумотларига кўра, Безос хайрия мақсадларига юзлаб миллион долларларни сафарбар этади. Унинг ота-онасига тегишли Bezos Family фонди таълим соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб келади. Безоснинг ўзи эса турмуш ўртоғи Маккензи Безос билан соғлиқни сақлаш ва илм-фан соҳасига ёрдам беради. Шунингдек Amazon бошпанасиз қолганлар учун мўлжалланган Mary's Place'ни қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, Безоснинг оиласи саратон касалликларини даволашга доир тадқиқотларга 40 миллион доллардан ортиқ маблағни йўналтирган.