Аргентина Кубоги учрашуви вақтида ноодатий воқеа кузатилди.

Қуйи дивизион иштирокчиси бўлмиш «Пасифико» жамоаси ҳимоячиси Федерико Альенде «Эстудиантес»га қарши ўйиндан кейин тан олдики, у рақиб ҳужумчиларига зарар етказиш учун игнадан фойдаланган.

Футболчи майдонга иккита игна билан чиқиб келган. Шитга жойланган игналардан бири синиб қолган, аммо иккинчисини у ҳакам узоқдалиги вақтида рақибга суқиб олаверган.

«Мен вақти вақти билан игнани «Эстудиантес» ҳужумчиларига суқдим. Юқори лига жамоасига қарши ўйинда ғалаба қозониш учун шундай ифлосликларни қўллаш керак бўлади. Юқори лига футболчилари тўп учун курашларга киришишни исташмайди, улар вақтни чўзиш ва қўполликлар ишлатишдан асабийлашиб, ўйнай олишмайди. Бу футбол. Бу спорт турида ақлни ишлатиш керак. Отеро («Эстудиантес» футболчиси – таҳр) мендан бу қилмишим учун нафратланади», – деган Альенде.

«Пасифико» жамоаси президенти Эктор Монкада ушбу футболчи билан шартномани бекор қилишини маълум қилди.

«Биз ранжидик. Бу ҳодиса бизнинг жамоа кўрсатган ажойиб ўйин ҳақидаги таассуротларни бузади. Мен Альендени жамоадан четлаштираман», — дея Монкаданинг сўзларини келтирган ВВС.

«Пасифико» «Эстудиантес»га қарши кечган сафар учрашувида 3:2 ҳисобида ғалаба қозонганди.